Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.Фото: «Ўзбекистон 24».

Тошкент шаҳрида 2021−2023 йилларда умумий қиймати 10,7 млрд долларлик 1390 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва қарийб 98 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда жами 4,1 млрд доллар инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган.

Биринчи чоракда пойтахтда 1,8 трлн сўмлик 130 та лойиҳа ишга туширилди ва 2 мингга яқин иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат йўналишида 55 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 63 та, уй-жой қурилишида 12 лойиҳа амалга оширилди.

Фото: «Ўзбекистон 24».

Тақдимотда йил якунига қадар амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Мисол учун, Мирзо Улуғбек туманида йилига 110 минг тонна металлдан қуйма пўлат, арматура, угольник, швеллер каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилади ва 200 та янги иш ўрни яратилади.

Йил якунига қадар қиймати 30 трлн сўмдан зиёд 847 та лойиҳани амалга ошириш ва қарийб 36 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 2021−2023 йилларда 3 млрд долларлик экспорт режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 800 млн доллардан зиёд бўлган саноат маҳсулотлари, қарийб 70 миллион долларлик мева-сабзавотни экспорт қилиш кутилмоқда.

Давлат раҳбари режалаштирилган кўрсаткичлар билан чегараланмасдан, қўшимча лойиҳаларни кўпайтириш, экспорт таркибини диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.