Президент ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ректорлар фаолиятини танқид остига олди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Олийгоҳлар ён-атрофидаги маҳалла ёшлари билан ишлашда, ректорларнинг ўрни умуман сезилмаяпти. Мен ҳар бир ректор қандай ишлашини, ўзини қандай қийнашини яхши биламан… Агар унга ишлаш ёқмаса, у лавозимидан кетиши керак», — деди президент.

Президент ректорларни ўз ҳудудидаги маҳаллагача тушиб, ёшлар тарбияси, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ташаббус билдирмаганлигини танқид қилди.

«Қайси ректор ётоқхонага бориб ёки бўш ётган маданият марказларида ёшлар билан учрашди, улар билан мулоқотни йўлга қўйди, мотивация бериш, ҳаётда ўз йўлини топиш ва маданий тадбирларни ташкил этди? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб йўқ».

Ёшлар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун, Фарғона давлат университети (Мақсудов), Самарқанд қурилиш институти (Ахмедов), Қўқон педагогика (Отажонов) институтлари ректорлари ва Тошкент кимё-технологиялар институти Янгиер филиали директори (Олимов) лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, давлат раҳбари бошқа ректорлар қатъий огоҳлантирилишини таъкидлади.

«Улар президентга ёшлар билан ишлашни қандай ташкил қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумот тақдим этиши керак бўлади. Мен ким билан ишлаётганимни билишим керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эндиликда ҳар бир олийгоҳ ён-атрофидаги камида 5−10 тадан шаҳар маҳалласи учун «маънавият маркази» ва «маданият ўчоғи» бўлиши кераклиги айтилди.

Олий ўқув юртлари атрофидаги маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этади, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, ўзларига бириктирилган маҳалладаги «ёшлар дафтари»даги ёшлар учун олийгоҳларга кириш бўйича бепул тайёрлов курсларини ташкил этади.

Бундан ташқари, уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш учун, юқори курсларда ўқийдиган 2 нафар намунали талаба 1 нафар уюшмаган ёшнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдамлашади.

«Ушбу тизим орқали 135 та олийгоҳ камида ўртача минг нафардан ёшларни қамраб олганда ҳам, камида 100 минг нафар ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмак бўлади. Шу тизим йўлга қўйилса, шаҳарларда вазият албатта ўзгаради, адашган ёшлар сони кескин камаяди», — деди давлат раҳбари.

Ушбу тизим бўйича юқори натижа кўрсатган ректор, техникум ва коллеж раҳбарларига 50 фоизгача устама тўлаб берилади.