13−14 апрель кунлари Европа Чемпионлар лигасининг чорак финал учрашувлари жавоб ўйинлари ўтказилади. Бугун бўлиб ўтиши режалаштирилаётган ўйинлар олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг чорак финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

«Челси» — «Порту» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: «Челси» жамоаси айни вақтда AПЛ турнир жадвалида 31 учрашувдан сўнг 15 ғалаба, 9 дуранг, 7 мағлубият билан 54 очкога эга. Ўтган 5 турда жамоа 3 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубиятга эришди. 30-турда жамоа ўз майдонида «Вест Бромвич»га 2:5 ҳисобида имкониятни бой берган эди. 31-турда эса «Кристал Пэлас» меҳмони бўлиб 1:4 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Порту» жамоаси 26-турдан кейин 60 очко билан турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда. 1-поғонадаги «Спортинг»да эса 66 очко мавжуд. «Порту» клуби сўнгги 5 та турнинг барчасида ғалаба қозонган. 26-турда «Тондела» меҳмони бўлган жамоа 0:2 ҳисобида ғалабага эришган.

Чорак финалга қандай етиб келишди?

«Челси» ЕЧЛнинг E гуруҳида иштирок этиб, 14 очко билан 1-ўринни эгаллади ҳамда нимчорак финалга йўл олди. Мазкур босқичда «Aтлетико Мадрид» рақиби бўлган жамоа дастлабки ўйинда 0:1, жавоб учрашувида эса 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал иштирокчисига айланган эди.

«Порту» эса C гуруҳида 13 очко билан «Манчестер Сити»дан кейин 2-ўринни эгаллади ҳамда кейинги босқичга йўл олди. Ушбу босқичда уларга «Ювентус» жамоаси рақиб бўлди. Португалияда ўтган илк ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган «Порту» жавоб учрашувининг асосий вақтида худди шундай ҳисобда мағлуб бўлди. Белгиланган қўшимча дақиқаларда эса ҳар икки жамоа вакиллари биттадан гол уриб, ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди. «Порту» эса меҳмонда урилган голлар эвазига чорак финалга йўл олди.

Ўзаро ўйинлар: Жамоаларнинг тарихдаги ўзаро ўтказган учрашувларининг барчаси ЕЧЛ доирасида. 9 бор ўтказилган баҳсдан 6 тасида «Челси», 2 тасида «Порту» ғалаба қозонган бўлса, 1 бор дуранг натижа қайд этилган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Фернандо Aндраде («Порту»)

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

«Челси» жамоаси сафида айни вақтгача AПЛда энг кўп — 30 та ўйин ўтказган футболчи Мэйсон Маунт бўлиб турибди. Футболчи жами 2365 дақиқа майдонда тўп суриб, 6 гол ва 4 голли узатма муаллифи бўлган.

«Порту» сафида Португалия чемпионати доирасида Хесус Корона 26 учрашув ўтказиб, майдонда жами 1993 дақиқа тўп тепган. Рақиблар дарвозасини 2 бор ишғол қилиб, 6 бор голли пас муаллифига айланган.

Маълумот учун, жамоаларнинг чорак финалдаги биринчи ўйини 0:2 ҳисобида «Челси» фойдасига ҳал бўлган.

Фото: twitter.com/ChampionsLeague

ПСЖ — «Бавария» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: ПСЖ жамоаси айни вақтда Франция чемпионати турнир жадвалида 32-турдан сўнг 66 очко билан 2-поғонада кетмоқда. 1-ўриндаги «Лилль»да эса 69 очко мавжуд. Парижликлар сўнгги 5 ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозониб, 2 тасида мағлуб бўлган. 32-турда «Страсбург» меҳмони бўлган жамоа 1:4 ҳисобида ғалаба қозонган.

«Бавария» эса 28-турдан кейин 65 очко билан турнир жадвалининг энг юқори поғонасида бормоқда. Жамоа охирги 5 тур учрашувларининг 4 тасида ғалаба, 1 тасида дурангга эришган. 28-турда ўз майдонида бўлиб ўтган «Унион»га қарши ўйинда мюнхенликлар 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этишди.

Нимчорак финалга қандай етиб келишди?

ПСЖ жамоаси гуруҳ босқчида H гуруҳда иштирок этиб, 12 очко билан гуруҳ пешқадами сифатида нимчорак финалга йўл олди. Парижликлар нимчорак финалда Каталониянинг «Барселона» жамоасига рақиб бўлишди. Испанияда ўтган дастлабки баҳсда парижликлар 1:4 ҳисобида устун келишди. Жавоб ўйинида эса 1:1 ҳисоби қайд этилди.

«Бавария» A гуруҳида иштирок этиб, 16 очко тўплаб, 1-поғонада кейинги босқичга чиқди. 1/8 финалда «Лацио» билан иккита учрашув ўтказди ва биринчисида 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб ўйинида 2:1 ҳисобида устун келди.

Ўзаро ўйинлар: Шу кунгача ўтказилган жами 11 ўйиндан 6 тасида ПСЖ, 5 тасида эса «Бавария» ғалабага эришган. Aгар бугун мюнхенликлар ғалаба қозонишса ўзаро ўйинларда тенглашиб олади.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Хуан Бернат, Марко Вератти, Лейвин Курзава, Маркиньос, Мауро Икарди, Aбду Диалло, Aлессандро Флоренци (ПСЖ). Никлас Зюле, Леон Горецка, Серж Гнабри (COVID-19 сабабли), Роберт Левандовски, Лукас Эрнандес, Корентин Толиссо, Марк Рока, Дуглас Коста («Бавария»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

ПСЖ сафида етакчи ва айни вақтда яхши формага эга футболчи — Киллиан Мбаппе. У Франция чемпионати доирасида 27 ўйинда 2045 дақиқа майдонда тўп суриб, 21 гол ва 7 голли узатма муаллифига айланган.

«Бавария» сафида эса Томас Мюллер Бундеслигада 26 учрашувда иштирок этиб, 2217 дақиқа майдонда бўлган. 10 марта гол уриб, 16 марта голли узатма муаллифи бўлган.

Маълумот учун, жамоаларнинг чорак финалдаги биринчи ўйинида 2:3 ҳисобида ПСЖ фойдасига ҳал бўлган.