Бош прокуратура 2020 йилнинг октябрь ойида COVID-19 дан вафот этган туркшунос олим Андрей Кубатин бўйича жиноят иши қўзғатмаслик қарорини бекор қилмаслигини маълум қилди.

Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарованинг президентга йўллаган шикоятида 2017 йил 25 мартда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан укасига нисбатан Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Дастлабки тергов давомида Кубатинга ДХХ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида у ўзи содир қилмаган жиноятига иқрор бўлгани, 2017 йил 1 декабрда эса Республика Ҳарбий суди ҳукмига асосан ЖКнинг 157-моддаси 1 кисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан махрум қилингани ҳақида баён этилган.

Шунингдек, шикоятда Клара Сахарова Андрей Кубатин 2019 йил 26 сентябрда жиноят ишлари буйича Тошкент вилояти суди томонидан оқланиб, озодликка чиқарилгани, 2020 йилда эса у COVID-19 билан касалланиб, 2020 йил 27 октябрь куни вафот этганини таъкидлаган. Укасига нисбатан тергов жараёнида руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказган ДХХ ходимлари ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўраган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, ушбу мурожаат юзасидан 2021 йил 9 февраль куни ДХХ тергов бошқармаси томонидан ушбу тергов ҳаракатларида қатнашган ДХХ ходимлари ҳаракатлари қонунийлигини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш мақсадида терговга қадар текширув ўтказилган.

Кубатин 2017 йилнинг 10 апрелидан 2017 йил 14 сентябрга қадар тергов хибсхонасида сақланган.

«Хибсхонага жойлаштириш ва чиқиб кетаётган вақтида унинг баданида жисмоний жароҳатлар кузатилмаган, у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилмаган ва унинг соғлиғи, руҳий ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган. Шунингдек, терговга қадар текширувда ушбу жиноят иши қонун доирасида ўтказилганлиги хамда фуқарога ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилмаганлиги аниқланиб, натижасига кўра жиноят ишини кўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган», — дейилади баёнотда.

Марҳум Кубатинга нисбатан тўпланган терговга қадар текширув материаллари Ҳарбий прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилиб, жиноят ишини кўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарорни бекор қилиш учун асослар топилмади, дея маълум қилди Бош прокуратура.

Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу иш бўйича навбатдаги суд 22 апрель куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.