Озарбайжоннинг Боку ва Агдам шаҳарларида Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Асаджон Ходжаев маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида Агдам шаҳридаги ҳолатга тўхталди. «Бу ерда битта масжиддан ташқари деярли ҳамма нарса вайрон қилинган: уйлар, инфратузилма. Жаҳон ҳамжамияти бунга эътибор қаратиши керак», — деди у.

Агентлик директори Туркий кенгаш давлатлари Озарбайжонда олиб бориладиган қурилиш ишларида фаол иштирок этишини таъкидлади.

Шунингдек, у Ўзбекистон ушбу ҳудудларни ва инфратуизлмани тиклашда ўз ёрдамини таклиф қилганини эслатди.

«Айни пайтда биз мутахассислар билан қайта тиклаш лозим бўлган объектлар рўйхатини белгилаб олмоқдамиз ва бизнинг қурувчиларимиз бунда қатнашишга келишади. Менинг билишимча, битта мактабни қуриш тўғрисида келишув мавжуд бўлиб, у озарбайжон халқига Ўзбекистондан туҳфа сифатида тақдим этилади. Яқин орада ҳамкорлигимиз натижаларини кўрамиз деган умиддаман. Ва энг асосийси Тоғли Қорабоғ ҳудудига тинчлик келди», — деди Ходжаев.

Олдинроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган эди.