Фарғонада икки кун ичида икки нафар велосипедчини машина уриб юборди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

8 апрель куни фуқаро Н.Ё. бошқарувидаги Lacetti Данғара туманидаги Тошкент кўчасида кетаётиб, йўлнинг қатнов қисмини велосипедда кесиб ўтаётган А.Б.ни уриб юборган. Оқибатда A.Б. тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шунингдек, 9 апрель куни соат 17:30 ларда Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина йўлни белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган 2009 йилда туғилган велосипедчини уриб юборган. Натижада велосипедчи шифохонада вафот этган.

Маълумотга кўра, ЙТҲ содир бўлган автомобил йўли 8 апрель куни кечки вақт мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ таъмирлангандан кейин топширилган бўлган. Лекин автомобил йўли жиҳозланмаганлиги ва йўл белгилари чизилмаган ҳолатда фойдаланишга топширилганлиги айтилмоқда.