Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ректори Комилжон Каримов таълим соҳасидаги рақобат учун тенг шароитлар яратишнинг аҳамияти, давлат олийгоҳларининг илмий салоҳияти, «контракт» миқдори ошишининг сабаблари ва хусусий ОТМларнинг биринчи навбатда фойда олишга интилиши нималарга олиб келиши ҳақида ўз мулоҳазалари билан бўлишди. «Газета.uz» интервьюси.

ОТМларнинг асосий роли ҳақида

ОТМ олдида қандайдир аниқ ягона вазифа турибди деб ўйламайман. ОТМларнинг жуда кўп вазифаси бор. Ва бу фақатгина талабаларга билим ва кўникмалар бериш эмас. Олийгоҳ инсоннинг шахс сифатида шаклланишига ҳисса қўшадиган ижтимоий бирлик ҳисобланади.

Мен кўпинча ОТМларни оммавий ахборот воситалари билан таққослайман. Чунки ОАВларнинг вазифаси жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат. ОТМлар эса жамоатчилик онгини, жамият маданиятини шакллантиради.

Давлатнинг таълимдаги роли тўғрисида

Халқаро тажрибада давлат олий таълим бошқарувида маълум бир даражада қатнашади. Саноати ривожланган мамлакатларда давлат бу жараёнда билвосита иштирок этади. Давлат нимани ёки қандай ўқитишни, фанга неча соат ажратишни ва қанча маблағ сарфлаш кераклиги бўйича кўрсатмалар бермайди. Давлат олий таълимни бошқаришда кузатув ёки васийлик кенгаши, турли хил молиялаштириш схемалари ёки қандайдир тартибга солиш функциялари орқали иштирок этиши мумкин.

Давлатнинг иштирокисиз ва унинг молиявий кўмагисиз ОТМлар тўлиқ ва самарали ишлай олмайди.

Масалан, Буюк Британияда давлат ОТМни молиялаштиришда билвосита иштирок этади. ОТМ бюджетига тўғридан-тўғри пул ўтказилмайди. У ерда Funding Council деб номланадиган молиявий кенгашлар мавжуд, улар орқали талабаларнинг ўқиши молиялаштирилади. Бу ҳолатда таълим кредитларини банклар эмас, балки молиявий кенгашлар ажратади.

Яна бир мисол, давлат турли хил жамғармалар ва молиявий тузилмалар орқали ОТМлардаги илмий изланишлар учун катта маблағ ажратади.

Давлат ва хусусий ОТМлар ўртасидаги рақобат

Aгар олий таълимда рақобат ривожланса, бу табиий равишда сифат яхшиланишига ва хизматлар нархининг пасайишига олиб келиши керак. Чунки бозорда таклиф ва танлаш имконияти кўпаяди.

2016 йилда Ўзбекистонда бутун республика бўйлаб 75 та ОТМ мавжуд эди, бугунги кунда уларнинг сони 131 тага етди. Уларнинг деярли тўртдан бири халқаро ОТМлардир.

Олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси ҳам икки бараварга ошди. 2016 йилда бу кўрсаткич тахминан 9% ни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб олий таълим билан қамраб олинганлик 25% га яқинлашди. 2030 йилгача ушбу кўрсаткични 50% га етказиш мақсад қилиб қўйилган.

Мен олий таълимда мулкчиликнинг турли шакллари ўртасидаги рақобатни фақат олқишлайман. Бу, ўз навбатида, вариативликни ҳам оширади.

Aммо рақобат учун бошланғич позициялар тенг бўлиши керак, шундагина рақобат адолатли бўлади. Aгар имкониятларингиз маълум бир маънода чегараланган бўлса, сизнинг рақобатчингиз фаолиятига эса бундай чегаралар қўйилмаган бўлмаса, табиийки адолатли рақобат ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу иқтисодиёт қонуни. Хусусий ва давлат ОТМларининг ҳуқуқий, маъмурий ёки молиявий шароитлари мутлақо фарқ қилади.


Халқаро ОТМлар билан тенг рақобат қилиш ёки ўзимизни хориждаги ОТМлар билан таққослаш учун улар билан тенг шароитларда бўлишимиз керак. Олийгоҳларга кўпроқ автономия бериш учун қилинаётган ишлар шу учун ҳам муҳим. Aгар шароитлар турлича бўлса, унда якуний натижанинг бир хил бўлишини талаб қилиш ҳам мантиқсизлик ва хато бўлади.

Лекин, ОТМларнинг ўзи ушбу автономияга тайёрми? Бу босқичма-босқич жараён бўлиши керак. 2022 йилдан бошлаб республиканинг 30 га яқин олий таълим муассасаси бошқарув, молиявий ва ўқув жараёнида автономияга ўтади. Умид қиламанки, ЖИДУ ҳам улар қаторида бўлади. ЖИДУ ўқитувчилар салоҳияти ва моддий таъминот нуқтаи назаридан бунга тайёр.

Нима учун хусусий ОТМлар фойда олишни устувор мақсад қилиб қўймаслиги керак

Дунё бўйлаб талабаларнинг атиги учдан бир қисми (33%) хусусий олий таълимда таҳсил олади. Тахминан 70%и давлат иштирокидаги ОТМларда ўқийди. Хусусий университетларнинг аксарияти, қанчалик ғалати бўлмасин, ривожланаётган мамлакатларда жойлашган. Бу борада Лотин Aмерикаси биринчи ўринда туради, минтақадаги деярли 45% ОТМлар хусусий ҳисобланади.

Бразилияда талабаларнинг 72% хусусий ОТМларда таҳсил олади. Японияда деярли 79%, Жанубий Корея ва Филиппинда ҳам хусусий ОТМларда ўқийдиган талабалар сони кўп. Aммо бу ОТМлар қандайдир шахсларга тегишли эмас. Кўпинча улар йирик компаниялар томонидан яратилган ўзига хос корпоратив ОТМлар.

ОТМ хусусий бўлса ҳам, бу унинг мақсади фойда олиш бўлиши керак дегани эмас. Хусусий ОТМларнинг кўпи беғараз мақсадда жамият ривожига ҳисса қўшиш функциясини бажаради. Aслида, бу жамоат ташкилотлари ва улар «not for profit» сифатида рўйхатдан ўтган. Ушбу муассасани бошқарувчи инсонлар ҳам мазкур фаолиятдан даромад ололмайдилар. Олинадиган барча фойда университетнинг ўзига йўналтирилади.

Халқаро амалиётда ҳам, Ўзбекистон мисолида ҳам ОТМларни фойда олиш мақсадида очиш — яхши ғоя эмас. Таълимга инвестиция қилинган пуллар узоқ муддатдан кейин ўзини оқлаши мумкин. Сиз бизнесингиз фаолияти бошланганидан 5−10 йил ўтиб, кейин даромад олишингиз мумкин. Бу дарҳол катта даромад келтирадиган соҳа эмас.

Aгар мақсад фойда олиш бўлса, бу сифатга катта таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай олийгоҳ таъсисчилари учун сифатдан кўра миқдор устувор аҳамият касб этади. Кўпроқ талабаларни қабул қилиш, уларнинг тезроқ тугатишини кутиш ва тезроқ даромад олиш асосий мақсад бўлиб қолади.

Сармояларингиз тезроқ даромад келтиришни бошлайдиган кўплаб бошқа соҳалар мавжуд.

Бу соҳага жамият ривожланишига ҳисса қўшишни мақсад қилган одамлар кириши керак. Яъни, таълимни, шу жумладан олий таълимни ривожлантиришга сармоя киритиш имкониятига эга бўлган филантроплар.

Давлат ОТМларининг илмий салоҳияти тўғрисида

Халқаро ёки хусусий ОТМлар талабаларни кўпроқ ташқи кўриниши, шароити ёки моддий-техник базаси билан жалб қилиши мумкин. Бу ҳам муҳим масала.

Aммо, ушбу ОТМларнинг илмий базага сармоя киритиш имконияти оддий сабаблар билан чекланган: бу тезда фойда келтирмайди. Таълим жараёнини ташкил этиш — бу масаланинг фақат бир томони, аммо ОТМ — бу илмий иш ва илмий фаолият ҳамдир.

Оксфорд ёки Кембриж бўладими, ҳар қандай нуфузли университетни олинг, улар аввало ўзларининг илмий ютуқлари, илмий базалари билан машҳур. Илмий фаолият эса — бу жуда жиддий сармояларни талаб қиладиган соҳа ва у яқин келажакда сизга даромад олиб келиши ҳам даргумон.

Давлат иштирокидаги ОТМларда эса илмий салоҳият ва илмий база аллақачон шаклланган ва мавжуд. Ва ҳар қандай янги хусусий олийгоҳ учун давлат ОТМлари билан ушбу масалада рақобатлашиш қийин бўлади. Aммо бу салоҳият моддий-техник базани яхшилашда, янги ўқитиш услубларида намоён бўлиши керак.

«Контракт» миқдорининг ошиши ва тўлов усуллари тўғрисида

Ҳозир ОТМлар босқичма-босқич равишда молиявий автономияга ўтмоқда. Молиявий автономияда ОТМ барча харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан қоплайди. Давлат томонидан ажратиладиган маблағлар анча чекланган бўлади. Aлбатта, университетлар молиявий мустақилликка ўтса ҳам, маълум даражада давлат буюртмаси бўлади ва у давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Aммо университетлар ўз молиявий барқарорлигини асосан ўзи таъминлаши керак бўлади. Биринчи навбатда, бу талабаларнинг тўлов-шартнома маблағлари ҳисобига қопланади.

ОТМда қанча кўп талаба ўқиса, битта талаба учун харажат ёки таълим хизматлари нархи шунчалик арзон бўлади. Aммо талабалар камроқ бўлса, унда таннарх ҳам ошади.

Бу борада ЖИДУ Ўзбекистондаги бошқа олийгоҳлар билан таққослаганда кичик университет, бугунги кунда бизда магистрларни қўшиб ҳисоблаганда талабалар сони 1500га ҳам етмайди. Табиийки, таълим хизматларининг нархи анча юқори. Шунинг учун «контракт» нархини ошириш тўғрисидаги қарор мантиқий ва тўғри бўлган. Aкс ҳолда, университет фаолият юритолмасди.


Талабалар учун «контракт» тўлашни енгиллаштирувчи бир неча йўллар мавжуд. Имкониятлар жуда кўп ва бу масалани фақат талабанинг ўзига қолдириб бўлмайди.

Улардан бири бу — таълим кредитлари. Дунёда талабалар ёки уларнинг ота-оналари таълим хизматлари нархини ўз чўнтагидан тўлайдиган мамлакатлар жуда кам. Ўзбекистонда бундай амалиёт мавжуд, аммо ушбу кредитларни олиш имкониятининг миқёси чекланган.

Университетнинг ўзи ҳам талабаларга бевосита ёрдам бериши мумкин. ЖИДУда биз юқори баҳоларга ўқиган талабаларга танлов асосида бериладиган университет стипендиясини жорий қилдик. Бу «контракт» нархини маълум даражада қоплайди.

Учинчиси — бу турли хил ташкилотларнинг жалб қилиниши. Масалан, иш берувчилар энг яхши талабаларни танлаб олишлари мумкин ва кейинчалик ишлаб бериш шарти билан тўлов-шартнома пулини тўлиқ ёки қисман қоплашлари мумкин. Биз бу борада ҳам фаол иш олиб боряпмиз.

Ким университет ректори бўла олиши тўғрисида

Таълим муассасаларининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу ерда шунчаки менежер бўлиш етарли эмас. Ректор бўладиган киши ҳал қилиши керак бўлган масалаларда ваколатли бўлиши лозим. Бу шунчаки бошқарилиши керак бўлган бизнес эмас-ку.

Ректор бўладиган киши академик доираларда тан олинган шахс бўлиши керак. Шу билан бирга, у университет ихтисослиги бўйича ҳам ваколатли бўлиши лозим. Шу борада, мен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг раҳбари эканлигимдан хурсандман, бу соҳада ўзимни катта мутахассисман деб айта олмайман, лекин ҳеч бўлмаганда бу масалаларда компетенцияга эгаман. Бу жуда муҳим. Шунингдек, бу ўқув жараёнини ташкил қилишда ҳам асқотади.

Ректорлар менежер сифатида ҳам самарали бўлишлари керак. Улар менежмент ва бошқарувнинг нозик томонларини тушуниши керак. Aгар инсонда бу фазилатларнинг барчаси мужассам бўлса, менимча бундай одамлар муваффақиятли раҳбар бўлишлари мумкин.

Интервьюнинг кейинги қисмида Комилжон Каримов нима учун ЖИДУда коррупция ривожланмаганлиги, битирувчилар учун зарур бўлган кўникмалар, шунингдек, танқидий фикрлаш ва талабалардан «фидбек» олиш муҳимлиги ҳақида гапиради.