Ўтган ҳафтада ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қатар давлатига амалий ташриф билан борди.

ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, 10 апрель куни Доҳада делегация Қатардаги «Толибон» ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашди.

Унда Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш мақсадида тинч сиёсий жараённи илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Мулла Бародар Афғонистон муаммоларига доимий эътибор қаратаётгани учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди. Бундан ташқари, «Толибон» ҳаракати раҳбарияти вакили Ўзбекистоннинг Афғонистонда транспорт ва энергетика соҳаларида муҳим иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини мамнуният билан қўллаб-қувватлади.

«У, айниқса, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига, балки мамлакатда тўлақонли тинч сиёсий жараённи бошлаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилишини таъкидлади. Шу ўринда Афғонистон келажакда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида «ишонч ва ҳамкорлик кўприги»га айланиши мумкинлиги билдирилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, Абдулазиз Камилов 11 апрель куни Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Қатар бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жосим Ол Соний билан ҳам учрашди.

Томонлар ўзаро сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни сезиларли даражада ошириш зарурлигини таъкидлади.

Қолаверса, Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эриши ва хавфсизликни таъминлаш бўйича иклюзив музокараларни илгари суришнинг муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Қатар савдо ва саноат вазири Али бин Аҳмад ал-Куварий билан ҳам учрашди.

Қатар томони, авваламбор, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Учрашув давомида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишига тайёргарлик кўриш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.