Қувайтнинг Jazeera Airways авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Қувайт давлати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида «Ўзавиация» агентлиги томонидан 12 апрель куни Jazeera Airways авиакомпаниясига Қувайт — Тошкент — Қувайт йўналишида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилди.

Авиакомпания парвозларни А320−214 ва А320−251N ҳаво кемаларида амалга оширишини маълум қилди.

Маълумот учун, Jazeera Airways Қувайтнинг энг катта авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё бўйлаб 35 дан ортиқ шаҳарларга мунтазам парвозларни амалга оширади.