Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати шу кунларда мамлакатда короновирусга қарши оммавий эмлаш ишлари кетаётгани, бу иш Рамазон ойида ҳам давом этиши муносабати билан кундузи олинган эмлаш рўзани бузадими, йўқми, деган саволга жавоб берди. Қуйида ушбу жавобни тўлиқ ва ўзгартишларсиз эътиборингизга ҳавола этамиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бугунги кундаги тўрт мазҳаб уламолари тери ости, мушаклар ораси ёки ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки рўзани еб-ичиш маъносидаги нарсалар бузади. Еб-ичиш эса одатий йўллар орқали бўлади. Тери тешикларидан ёки ноодатий йўллардан терининг орасига бирор нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган. Бу ҳақда «Ал-Фатово ал-ҳиндия» китобида шундай дейилади:

وَمَا يَدْخُلُ مِنْ مَسَامِّ الْبَدَنِ مِنْ الدُّهْنِ لَا يُفْطِرُ هَكَذَا فِي شَرْحِ الْمَجْمَعِ

«Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. «Шарҳул Мажмаъ»да шундай келтирилган» Иқтибос тугади.

Энди айнан коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатволарга биноан рўзадор ҳолда ҳам уни олиш жоиз, бу иш рўзани бузмайди.

Рамазон ойида эмлашга тўғри келиши сабабли бу масалада бир қанча фатво уюшмалари ўз фатволарини эълон қилишди. Жумладан: Кувайт вақф вазирлиги, Иордания фатво уюшмаси, Саудия умумий муфтийси ва катта уламолар ҳайъати раиси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Азҳар халқаро электрон фатво маркази, «Дорул ифто» (Миср) фатво маркази рўзадор киши эмлаш олиши рўзани бузмаслигига фатво бердилар. Чунки рўзани бузувчи нарсалар одатий йўллардан кириб, ошқозонга етиб боради. Эмлашда эса еб-ичиш маъноси йўқ ва у одатдаги йўллардан танага кирмайди. Балки ноодатий бўлган тери остидан кириб боради. Бу рўзани бузмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати