Термиз прокурори 5 апрель куни 16 ёшли мактаб ўқувчисининг зўрланиши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги шаҳар ИИО ФМБ қарорини бекор қилиб, ишни қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказишга юборди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят прокуратураси хабар қилди.

9 апрель куни сенатор Фарҳод Боқиев Термизда ўқувчи икки марта — 2020 йил январь ва февралда зўрлангани ҳақида хабар қилган эди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар ИИБ жиноят иши қўзғатишни рад этган ва 14 ой давомида «бошқармада дўстлари бўлган» гумондорга нисбатан чора кўрмаган.

Прокурор аралашувидан сўнг ҳолат бўйича судга оид қайта комиссион тиббиёт экспертизаси тайинланган бўлиб, тўпланган ҳужжатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва ҳақиқатни аниқлаш мақсадида 11 апрель куни ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 118-моддаси (Шахснинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда номусга тегиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.