Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги шанба куни Тошкентдаги пайшанба куни кечқурун ҳеч қандай эълонларсиз бузилиши бошланган «Наврўз» қабуллар уйи биноси авария ҳолатида бўлганини маълум қилди.

Вазирлик хабарида қайд этилишича, «Наврўз» мажмуаси 1980 йилларда ўша даврнинг техник регламентлари, шаҳарсозлик талаблари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилган. Мажмуа замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талаблари асосида реконструкция қилиш мақсадида батафсил техник кўрикдан ўтказилган.

Техник кўрик натижаларига кўра, бино пойдевори остига узоқ йиллар давомида намлик ўтганлиги сабабли 27 смга қийшайгани аниқланган.

Асосий юк кўтарувчи конструкцияларнинг мавжуд ҳолати уларда катта ҳажмдаги кучайтириш ишларини амалга оширишни тақозо қилиши маълум бўлган. Шунингдек, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва энергия тежамкорлигини ошириш чораларини кўриш талаб қилинади.

Қайд этилган тадбирларни амалга ошириш ҳисоб-китобларга кўра катта маблағларни талаб қилмоқда ва иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ эмаслиги кўринди, дейилади хабарда.

Аҳоли хавфсизлиги, конструктив мустаҳкамлиги ва барқарорлиги, сейсмик хавфсизлиги ва мустаҳкамлиги, ёнғин хавфсизлиги, саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазасини ҳамда имкониятлари чекланган шахсларнинг фойдаланиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда «Наврўз» комплекси ўрнида барча техник ва замонавий қурилиш талабларига жавоб берадиган янги иншоот, яъни кутубхона барпо этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки охирги йилларда «Наврўз» мажмуаси техник жиҳатдан талабга жавоб бермаганлиги инобатга олиниб, фаолияти тўхтатилган эди, дея қўшимча қилди Қурилиш вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, снос бошланганидан кейинги куни Тошкент ҳокимлиги бу ерда «ёш олимлар, ёшлар ва китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган улкан Кутубхона биноси қурилиш ишлари бошланганини маълум қилди.

«Наврўз» қабуллар уйи жойлашган Миллий боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, янги Миллий драма театр биноси, япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейи намойишлари комплекси ҳам барпо этилиши хабар қилинди.