Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон dва жаҳонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади. Ўзбек ва жаҳон спортидаги ҳафтанинг энг муҳим хабарлари билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

6 апрель куни Европа Чемпионлар лигаси ¼ финалининг дастлабки учрашувлари ўтказилди. Испаниянинг Мадрид шаҳрида «Реал Мадрид» жамоаси «Ливерпуль»ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларга мадридликлар сафида Марко Aсенсио ҳамда Винисиус Жуниор муаллифлик қилган бўлса, ливерпулликлар ҳужумчиси Моҳаммад Салаҳ жавоб голини урди.

Шунингдек, ўша куни Aнглияда «Манчестер Сити» Германиянинг «Боруссия Дортмунд» клубини қабул қилди. Учрашувда 2:1 ҳисоби қайд этилди. Голларга манчестерликлар сафидан Кевин де Брюйне ҳамда Фил Фоден муаллифлик қилган бўлса, дортмунликлар сафидан Марко Ройс гол уриб жавоб қайтарди.

7 апрель куни Бишкек шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича Осиё/Океания чемпионатининг иккинчи кунги баҳсларида -70 кг вазн тоифасида юртииз шарафини ҳимоя қилган Гулноза Матниязова Осиё чемпионига айланган бўлса, -81 кг вазндаги тажрибали дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев Осиё чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи кунги баҳсларда 1 та олтин, 1 та бронза медалини қўлга киритди.

Чоршанба куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 5-тур учрашувларидан ўрин олган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашуви бўлиб ўтди. Наманган марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашув 1:2 ҳисобида «Пахтакор» фойдасига ҳал бўлди.

Баҳснининг сўнгги дақиқаларида бош ҳакам томонидан «Навбаҳор» дарвозаси томон белгиланган пенальти баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ўйин якунлангандан кейин ҳакамлар ва «Пахтакор» футболчилари стадионни наманганлик мухлислар томонидан турли воситалар улоқтирилаётган ҳолатда тарк этишди. Шунингдек, «Навбаҳор» жамоаси мухлислари стадион ташқарисида ҳам тартибсизликлар юзага келтиришди.

Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти ИИБ муносабат билдирди.

Унга кўра, ўйин якунлангач, эътироз билдираётган томошабинларга тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, тарқатиш чоралари кўрилди. Ҳакам, меҳмон ўйинчилар ва «Пахтакор» фан клубининг 35 нафар аъзолари назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилди.

Учрашув давомида фуқаролар орасида ҳеч қандай талофат ёки тан жароҳат олиш ҳолатлари бўлмади.

Томошабинлар орасида фаол эътироз билдириб, бошқаларга таъсир ўтказмоқчи бўлган 2 нафар футбол ишқибози ажратиб олинган. Фуқаролар Давлатобод туман ИИБга олиб келиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди, дейилади хабарида.

Ўша куни Осиё Чемпионлар лигасига саралаш босқичида Олмалиқнинг AГМК жамоаси Қатарнинг «Aль-Гарафа» клубига қарши майдонда саф тортди. 120 дақиқа давом этган учрашувда олмалиқликлар сўнгги дақиқаларда Йован Жокичнинг урган голи эвазига ғалабага эришиб, ОЧЛ йўлланмасига сазовор бўлишди.

Aйнан олмалиқликларнинг ушбу ғалабаси Қаршининг «Насаф» клуби учун ҳам айни муддао бўлди. Олмалиқлик ўз ғалабаси орқали «Насаф» жамоасига ОФК Кубоги гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини олиб беришди.

7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси ЕЧЛ ¼ финалининг яна икки ўйини ўтказилди. Португалияда «Челси» «Порту»нининг меҳмони бўлиб, 0:2 ҳисобида мағлуб этди. Голларга жамоа сафидан Мейсон Маунт ҳамда Бен Чилуэлл муаллифлик қилишди.

Чорак финалнинг сўнгги ўйини Германияда бўлиб ўтди. Мюнхеннинг «Бавария"си ўз майдонида ПСЖ жамоасини қабул қилиб, 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Парижликлардан голларни Киллиан Мбаппе ҳамда Маркиньос урган бўлса, мюнхенликлар сафидан эса голларга Шупо-Мотинг ҳамда Томас Мюллерлар муаллифлик қилишди.

8 апрель куни Бишкек шаҳрида дзюдо бўйича Осиё чемпионати 3-кунги баҳсларида Давлат Бобонов (-90 кг) олтин, Муҳаммадкарим Ҳуррамов (-100 кг) кумуш ва Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг) бронза медалини қўлга киритди.