«Ўзавтосаноат» компанияси ва унинг таркибий корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича трансформация офиси ўз фаолиятни бошлади. У Ўзбекистон президентининг январдаги топшириғи асосида Boston Consulting Group (BCG) компанияси билан биргаликда ташкил этилди, дея хабар қилди «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати.

«Соҳанинг трансформация дастурини биргаликда амалга оширилиши автомобиль бозорини ислоҳ қилиш учун зарур иқтисодий шароитларни ҳамда трансформация ва босқичма-босқич „Ўзавтосаноат“ ва унинг таркибий корхоналарини хусусийлаштириш орқали мамлакатимизда рақобат муҳитини яратади», — дейилади хабарда.

Трансформация офиси Boston Consulting Group (BCG), шунингдек, Daimler, Fiat и Porsche каби етакчи халқаро автомобиль концернларида кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга юқори малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида ташкил этилди. Улар бозор муносабатлари шароитида рақобатбардош ва самарали бизнес-моделни яратишга имкон беради.

«Трансформация жараёнида саноатни бошқаришнинг эски моделидан воз кечиш ҳамда маҳсулот сифати ва ҳажмига бевосита таъсир кўрсатадиган ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини модернизация қилиш режалаштирилган», — дея қайд этди компания.

Ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш даражасини 70 фоизгача кўтарилиши самарали бошқарувнинг натижаси бўлади. Бу эса, ўз ўрнида, маҳсулотнинг чакана нархини пасайтиришга имкон беради. Биринчи босқичданоқ ушбу дастур Chevrolet Tracker ва Onix каби моделлар ишлаб чиқарилишини бошлашни назарда тутади.

Трансформация офисининг биринчи йиғилиши Ўзбекистон Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги, шунингдек, Boston Consulting Group (BCG)нинг халқаро экспертлари иштирокида бўлиб ўтди.

Boston Consulting Group (BCG) билан биргаликда ишлаб чиқарилган «Ўзавтосаноат ривожланиш стратегия"сида кўрсатилган трансформация жараёни қуйидаги 7 та йўналиш бўйича амалга оширилади:

  1. Савдо ва маркетинг;
  2. Янги ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ва хусусийлаштириш;
  3. Харидорлар ва таъминотчилар билан ишлаш;
  4. Ишлаб чиқариш жараёнларини яхшилаш;
  5. Айланма маблағларни мувофиқлаштириш;
  6. Молиявий кўрсаткичларни яхшилаш;
  7. Рақамлаштириш ва ахборот технологияларни жорий этиш.

Трансформация стратегияси ва дастури доирасида қуйидаги босқичлар белгиланган:

  • 2021−2022 йилларда «Ўзавтосаноат» ва унинг таркибий корхоналарини трансформация қилиш, шунингдек, жорий операцион фаолиятни (корпоратив бошқарув, ишлаб чиқариш, молия, савдо ва сотувдан кейинги хизмат) оптималлаштириш ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш;
  • 2022−2025 йилларда ҳамкорлар билан биргаликда янги машҳур автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, ишлаб чиқаришга сарфланадиган вақтни икки баравар қисқартириш, маҳаллийлаштириш даражасини 70%гача ошириш, электромобилларни ишлаб чиқаришга тайёргарлик ва босқичма-босқич «Ўзавтосаноат» таркибий корхоналари улушларини хусусий секторга сотиш.