Ангрендаги Birinchi Rezinotexnika Zavodi МЧЖ шина заводи иши бўйича тергов ҳаракатлари бошланди, дея хабар қилди Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Туробов ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида.

Партия йиғилишида депутат Дониёр Ғаниев шина заводи лойиҳаси тўлиқ ўйланмагани ва самарасиз фаолият юритаётгани масаласини кўтариб чиқди. Унинг сўзларига кўра, заводнинг кредит тўловлари бўйича 3 млн доллар миқдорида қарздорлиги мавжуд.

У Ҳисоб палатаси вакилларига мурожаат қилиб, лойиҳа ташаббускорларининг кимлиги ва жавобгар шахслар қонун олдида жавоб бериш-бермаслигини сўради.

Баҳодир Туробов эса унга жавобан йиғилган материаллар Президент администрацияси топшириғи билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилганини маълум қилди. У айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, барча эътирозлар вазирлик ва идораларга етказилганини қўшимча қилди.

АЭсингизда бўлса, аввалроқ «Газета.uz» Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Алишер Қодировга таяниб 156,4 млн долларга барпо этилган завод қувватининг 15 фоизида ишлаётгани, сифати талабга жавоб бермагани учун 100 мингта шина сотилмай қолгани, бу вақт давомида UzAuto Motors 60 млн долларга авторезина импорт қилгани ҳақида хабар берган эди.

Кейинроқ «Ўзкимёсаноат» компанияси изоҳ бериб, паст кўрсаткичлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ экани, хом ашё импорти чекланиб, бир неча марта ишлаб чиқариш тўхтаб қолганини ва сотувлар пасайганини маълум қилди.