Термизда истиқомат қилувчи 16 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган қизнинг ота-онаси Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига фуқаро Б. Э.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб мурожаат қилган. Уларнинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг бошида ушбу эркак вояга етмаган қизларини икки маротаба номусига теккан, дея хабар қилди сенатор Фарҳод Боқиев.

Бу ҳолат 2020 йилнинг февраль ойида яна такрорланади. У вояга етмаган қизни зўрлагани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишини айтиб, уни қўрқитади ва такроран куч ишлатиб номусига тегади.

«Ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан қарийб 14 ойдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан қонуний чоралар кўрилмай келинмоқда. Бу эса, аввало, ота-онани, қолаверса, мазкур воқеадан хабардор бўлган одамларнинг ички ишлар органи тизимига нисбатан ишончсизлик кайфиятини кучайтириши табиий албатта», — дейилади сенатор хабарида.

Фарҳод Боқиевнинг маълум қилишича, жабрланувчи қизнинг ота-онаси адолатни қарор топтириш, жиноятни амалга оширган шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб бир йилдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБга ва бошқа маъмурий идораларга қилган барча мурожаатлари эътиборсиз қодирилган.

Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан мазкур воқеа бўйича сифатсиз текширишлар ўтказилганлиги, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар қабул қилганлиги ҳамда жиноятни амалга оширган шахснинг дўстлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда фаолият юритиши, шу сабабли иш бости-бости қилиб келинаётгани ота-онанинг сўнгги чора сифатида Сенатга мурожаат қилишига сабаб бўлган.

Таъкидланиича, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мазкур тергов иши ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилиши ҳамда якунлари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши назоратга олинди.