Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини муҳокама қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари йиғилишда айрим ҳудуд ва сектор раҳбарлари яратилган бу имкониятлардан ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаётганини қайд этди.

Район, шаҳар, вилоят сектор раҳбарлари сизлар сиёсатни тушунмаяпсизлар. Ҳозирги мана шу пандемия пайтидаги оғир шароитда натижага эришиш бўйича пировард мақсадимиз нима, нима учун одамлар биздан норози эканликларини ҳеч қайсиларинг таҳлил қилмаяпсизлар. Бугун, биринчи поғона одамларини ишдан оляпман. Агар чорак якуни бўйича бўлмаса, керак бўлса вилоят биринчи раҳбарларини ҳам ишдан оламан. Нимага десангиз, тушунмаяпсизлар, биз тарихий оғир йилларда яшаяпмиз. Бизга кўп нарса боғлиқ", — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркор қўллаб-қувватланмаса, шароит яратилмаса, уларни кўпайтирмасак маҳаллий бюджет, ишчи ўрин бўлмайди.

«Яна қайси тилда, қандай тушунтириш керак сизларга? ЯИМ деймиз, барқарор ўсиш деймиз…Бўлмайди улар ҳеч қачон. Кўп жойларда коррупция бўлмаса, порахўрлик бўлмаса, банкда, солиқда ноинсоф бўлмаса ишимиз бундан ҳам яхши кетади. Бундан-да яхши кетади, сизлар тўсиқсизлар кўп жойларда», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаев, солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат Бозоров, Марказий банк Қашқадарё ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Хасанов, Марказий банкнинг Навоий бўлими Исломбек Саидов ва Марказий банк солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадиев ўз лавозимларидан бўшатилди.

«Бирор ерда ишламасин. Билиш керак шунча ойлик бериб, шунча ҳаракат қилганимизни… Сиёсатга ҳиёнатчи булар», — деди президент.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят прокурори Эркабой Тожиев ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Сотволдиев, шунингдек, Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов ва вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедовга ҳайфсан берилди.

«Оёғи ердан узилган раҳбарлар булар», — қўшимча қилди президент.

Шу билан бирга Улуғнор, Узун, Ёзёвон, Деҳқонобод туманлари ҳокимининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарларидаги солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан бўшатилди.

«Ишдан олинганлар ишлаган давридан бошлаб ҳамма ойлигини давлатга топширсин. Телевизорда расмини чиқазиб, „хиёнатчи“ деб бериш керак. Халқ билиши керак ким булар, сиёсатга қарши эканликларини», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шунингдек, президент Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банклар фаолиятини танқид қилди. Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Ботир Зоҳидовга ҳайфсан берилди.

«Агар икки ой ичида иш услубида ўзгариш бўлмаса, маҳаллагача тушиб ишлмаса, ташаббус кўрсатмаса, уни ҳам ишдан озод қиламан», — таъкидлаб ўтди Шавкат Мирзиёев.

Туманлар, шаҳарлар, вилоят ҳокимлари бир ҳафта муддатда аниқ ҳисоб-китоблар асосида туманлар ва шаҳарлар кесимида тадбиркорлар билан ишлашни ташкил этиш тўғрисида кафолат хати ёзишлари кераклиги белгиланди