Келаётган ҳафтада Ўзбекистон президентининг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан видеомулоқоти мўлжалланган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, дея «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Ўзбекистон билан Покистонни умумий тарих, ягона дин ва ўхшаш маданият боғлаб туради. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланиб бормоқда. Пандемияга қарамасдан, мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар фаол давом эттирилмоқда», — таъкидлади Шерзод Асадов.

Ўтган йилнинг якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 123 млн доллардан ошган.

Навбатдаги мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган транспорт коммуникацияларини барпо этиш масалалари муҳокама қилинади.