Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасини ривожлантириш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш кўзда тутилган.

Институт таркибида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот марказини ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, вазирлик, ACWA Power (Саудия Арабистони) ва Air Products (АҚШ) ўртасида Ўзбекистонда қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича битим имзоланди.

Spot’нинг хабар беришича, ACWA Power Бухоро ва Навоийда умумий қуввати 1000 МВтни ташкил қиладиган шамол электр станцияларини қуради. Лойиҳа хорижий инвестиция ҳисобига амалга оширилиб, 1,3 млрд долларга тенг дея баҳоланмоқда.