Пайшанба куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисини 23 апрель куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ялпи мажлис кун тартибидан қуйидаги қонунларни кўриб чиқиш ўрин олган:

  • «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»;
  • «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»;
  • «Фазовий маълумотлар тўғрисида»;
  • «Ноширлик фаолияти тўғрисида»;
  • «Психиатрия ёрдами тўғрисида»;
  • «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»;
  • «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2019 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида».

Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ҳамда Марказий банк бошқаруви раисининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ОТМлар битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳолати тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинади.

Қолаверса, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқиш режа қилинган.