Президент Шавкат Мирзиёев ҳозир бўлиб ўтаётган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида сектор раҳбарларини ишдан олишини таъкидлади.

«Жуда оғир тарихий, оғир йилларда яшаяпмиз. Бизга кўп нарса боғлиқ. Ўзларингни қийнаб, ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш бўлмаса, натижа бўлмайди. Шаҳар ва туман ҳокимлари бир нарсани билинглар, тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, унга шароит яратмасак, тадбиркорни кўпайтирмасак маҳаллий бюджет бўлмайди-ку. Қанча пул бермайлик, қанча шароит яратмайлик, қанчадан-қанча қарор ва фармон қабул қилмайлик, агар қуйи поғонадаги туман раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаса, ҳозирги шароитни тушунмас экан натижа бўлмайди», — деди президент.

Давлат раҳбари вазифаларни бажара олмаётган сектор раҳбарлари ишдан кетишини қайд этди. «3 ойда ўзгариш бўлмаса, биринчи раҳбарларни ҳам ишдан оламан», — деди у.