8 апрель куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда 27 ёшли Айзада Канатбекованинг ўғирланиши ва ўлдирилиши ҳолати юзасидан 300 га яқин киши Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳукумат бинолари олдига намойишга чиқишди, дея хабар берди AКИpress ахборот агентлиги.


Қиз 5 апрель куни Бишкекда ўғирлаб кетилган. Уч киши уни мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум йўналиш бўйича олиб кетишган. Икки кундан сўнг, Бишкек яқинидаги Чуй вилоятидаги далада турган автомобиль салонида қизни зўрлик ишлатиб ўлдириш аломатлари бўлган ҳолдаги ва 36 ёшли эркакнинг пичоқ билан жароҳатлар етказилган ҳолатдаги жасадлари топилди. Уларнинг жасадларига маҳаллий чўпон дуч келган.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, можаро юзага келиб, эркак қизни бўғиб ўлдирган, сўнгра ўз жонига қасд қилган.

Митинг иштирокчилари «одамларнинг онгини ўзгартириш» учун ушбу ҳолатга эътибор беришни ва бу иш нафақат ала-качуу (қиз ўғирлаш) анъанаси, балки жиноят эканлигини тан олишни сўрашмоқда. Намойишчилар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу борада фаол эмаслигини таъкидлаб, ички ишлар вазири Улан Ниёзбековни истеъфога чиқишини ва «Келинни ўғирлаш» моддаси учун жазони кучайтиришни талаб қилишмоқда.

Қирғизистон бош вазири Улукбек Марипов намойишчилар олдига чиқди. Йиғилганлар уни «Уят!» ва «Шармандалик!», шунингдек, «Сизда икки кун бор эди!» каби ҳайқириқлар билан қаршилашди. Улукбек Марипов намойишчиларга ушбу иш президент ва бош вазир назорати остида эканлигини айтди, шунингдек тергов-суриштирув ишлари учун вақт сўради.

«Мен Айзада Канатбекова ишини шахсий назоратимга оламан. Бу ишни охирига етказиш керак, жазо эса муқаррар бўлади», — деди Қирғизистон президенти Садир Жапаров кейинчалик ўз мурожаатида.