Президентнинг «Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида» қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ, кинематография агентлиги ҳузурида:

  • Ўзбекистон Кинематография академияси;
  • бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган «Ўзбекистон миллий кинофонди»;
  • хусусий кинокомпанияларга фильм, мультфильм ва сериаллар яратиш бўйича хизмат кўрсатувчи «Ўзбекфильм» киноконцерни" ташкил этилади.

Молиялаштириш манбаидан қатъи назар, маҳаллий кинокомпаниялар томонидан ишлаб чиқарилган фильмлар ва уларнинг бошланғич материаллари, шунингдек, республикада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича тайёрланган видео ва фото материаллар сақлаш учун бир нусхада Ўзбекистон миллий кинофондига топширилади

Шу билан бирга, «Мультипликацион фильмлар студияси», «Республика кинопрокат маркази» ва унинг ҳудудий филиаллари, «Кинематографчилар уйи», «Киноиндустрия соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази» фаолияти тугатилди.

«Ёшлар ижодий тажриба студияси» ДУК «Ёшлик киностудияси» ДУК этиб қайта номланди.

Мазкур қарор билан 2021−2022 йилларда миллий кинематография соҳасини ривожлантириш «йўл харитаси» тасдиқланди.