Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга, жорий йилда 2 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Шундан келиб чиқиб, энергетика вазири Алишер Султанов, уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятов ва Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевга вилоят ҳокимлари билан бирга, йил якунига қадар 168 та мавжуд ва янги саноат зонасини 468 км электр, 362 км газ, 405 км сув ва 104 км йўл билан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

«Умуман олганда, жорий йилда тадбиркорларда энергия таъминоти ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

У мисол тариқасида электр қуввати паст бўлгани боис, Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 млн доллар йўқотилаётганини айтди.

Республикада инфратузилмадаги муаммолар туфайли, 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 млн долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаётгани қайд этилди.

Жорий йилда тадбиркорларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга 560 млрд сўм ажратилди.

Бундан ташқари, энергетика вазири Алишер Султанов, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров вилоят ҳокимлари билан бирга, бир ой муддатда муаммоси мавжуд саноат зоналарини хатловдан ўтказиб, электр таъминотини яхшилаш бўйича ишларни жадаллаштириши маълум қилинди.

«Дилмурод Қосимов (бизнес-омбудсман) жойига чиқиб, тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинганини ўрганади. Айбдорларни ишдан олиш ва жарима қилиш бўйича ҳар 15 кунда таклиф киритиб боради», — деди президент.

Давлат раҳбари саноат зоналардаги электр таъминотини яхшилашга яна қўшимча 300 млрд сўм ссуда маблағлари ажратилишини таъкидлади.