7 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 5-тур учрашувларидан ўрин олган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашуви бўлиб ўтди. Наманган марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашув 1:2 ҳисобида «Пахтакор» фойдасига ҳал бўлди.

Баҳснининг сўнгги дақиқаларида бош ҳакам томонидан «Навбаҳор» дарвозаси томон пенальти белгиланди. Aйни шу ҳолат VAR тизими орқали 6 дақиқа давомида кўриб чиқилди ва якунда шундай қарор қабул қилинди. Мазкур вазият эса баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Пенальтидан киритилган гол орқали ҳисобда олдинга чиқиб олган «Пахтакор» ўйин сўнггига қадар ҳисобни сақлаб қолди ва 3 очкога эга бўлди.

Баҳс якунлангандан кейин ҳакамлар ва «Пахтакор» футболчилари стадионни наманганлик мухлислар томонидан турли воситалар улоқтирилаётган ҳолатда тарк этишди. Шунингдек, «Навбаҳор» жамоаси мухлислари стадион ташқарисида ҳам тартибсизликлар юзага келтиришди. Ушбу жараён акс этган видео лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти ИИБ муносабат билдирди.

Унга кўра, ўйин якунлангач, эътироз билдираётган томошабинларга тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, тарқатиш чоралари кўрилди. Ҳакам, меҳмон ўйинчилар ва «Пахтакор» фан клубининг 35 нафар аъзолари назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилди.

Учрашув давомида фуқаролар орасида ҳеч қандай талофат ёки тан жароҳат олиш ҳолатлари бўлмади.

Томошабинлар орасида фаол эътироз билдириб, бошқаларга таъсир ўтказмоқчи бўлган 2 нафар футбол ишқибози ажратиб олинган. Фуқаролар Давлатобод туман ИИБга олиб келиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди, дейилади хабарида.