7 апрель куни соат 09.45 да Яккасарой тумани Катта Миробод кўчасида 28 ёшли самарқандлик А.И. бошқарувидаги Lacetti Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб ҳаракатланиши давомида бошқарувни йўқотган, дея хабар бермоқда шаҳар ИИББ.

Оқибатда Катта Миробод ва Шота Руставели кўчалари кесишмасида светофорнинг тақиқловчи белгисида тўхтаб турган бир нечта транспорт воситалари билан тўқнашган.


Lacetti 35 ёшли Ш. Ш. бошқарувидаги Spark ҳамда 24 ёшли А.К. бошқарувидаги Matiz автомобилларига бориб урилган. Шундан сўнг, Lacetti бетон устунга тўқнашган. Зарбадан Matiz автомобили ағдарилиб, қаршисида турган 30 ёшли Б.Т. бошқарувидаги «Исузу» русумли йўловчи автобуси билан тўқнашган.


ЙТҲ натижасида автобус йўловчиларига зарар етмагани айтилмоқда. Lacetti автомобили ҳамда Spark автомобили йўловчилари тан жароҳати олиб, шифохонага етказилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ томонидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда.