Андижонда фуқаро бошқа бир фуқаронинг яқин танишларини халқ таълимида аттестациядан ўтказиш, 3 нафар танишини мактаб директори ва директор ўринбосари лавозимларига тайинлаш масаласини ҳал қила олишини айтган. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХ Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида маълум бўлди.

Фуқаро юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали мазкур масалаларни ижобий ҳал қилиб бериши эвазига 8400 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Видео лавҳадан фуқаро ўз айбига иқрор бўлганини кўриш мумкин. «Қилган ишимдан пушаймонман», — деди у.

У мазкур пулларнинг бир қисмини Андижон шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғига олиб бориши лозимлигини қўшимча қилган.

Шундан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари тезкор тадбирни давом эттирган. Андижон шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи юқоридаги масалаларни ижобий ҳал қилиш эвазига ундан 900 долларни олганида қўлга олинган.

ХТБ бошлиғига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш), фуқарога нисбатан эса 168- (Фирибгарлик), 28- (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.