5 апрель куни Ўзбекистоннинг 726 та маҳалласида аёллар, болалар ва уй хўжаликларининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги тўғрисида муҳим маълумотларни йиғиш бошланди. Ушбу тадқиқот уй хўжаликлари билан сўровнома ўтказишга асосланган Мултииндикатор клстер кузатувлари бўлиб, MICS деб аталади.

ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан хабар қилинишича, ўрганишлар 31 июлга қадар давом этади. Ҳукумат ва ўрганишда қатнашаётган ҳамкорлар аҳолини «маълумотларни йиғаётган тадқиқотчилар учун ўз уйларининг эшикларини очишга» чақирди.

Тўпланган маълумотлар ва кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги тараққиётини кузатиш учун муҳим бўлади ва халқаро маълумотлар базаларига киритилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, улар ижтимоий хизматлар соҳасида қарорлар қабул қилиш, миллий сиёсатни, ривожланиш ва хизмат кўрсатиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ҳам зарурдир.

MICS Давлат статистика қўмитаси ва ЮНИCЕФ томонидан амалга оширилмоқда. Aввал MICS Ўзбекистонда 2006 йилда ўтказилган эди.

Сўнгги йигирма йил ичида 100 дан ортиқ мамлакатларда болалар ва аёллар фаровонлигининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ва уларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган сиёсатни шакллантиришга ёрдам бериш учун 300 дан ортиқ MICS тадқиқотлари ўтказилди.