Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдида 6 минг бош қўй ҳайдаб келингани ҳақида видео ва хабарлар тарқалгани тўғрисида расмий маълумот берди. Хабар қилинишича, ҳодиса 6 апрель куни соат 16:00 ларда содир бўлган.

Бошқарманинг маълум қилишича, Республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан «Самарқанд қоракўл кластер» МЧЖ корхонасига 151 минг гектар ҳамда SP LUXE МЧЖ қўшма корхонасига 197 243,4 гектар яйлов ер майдонлари ажратилган.

Шундан сўнг, кластер ва «Сохибкор Хожиакбар» фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган. Унда 1450 бош майда шохли молни боқиш кўрсатилган бўлса-да, ушбу ер майдонида фермер хўжалиги раҳбари томонидан 4 мингдан ортиқ чорва моллари боқилган.

Шу сабаб «Қиличли» маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган ва кластернинг 1450 бош қўйи маҳаллий аҳоли томонидан 6 апрель куни соат 16:00 ларда туман марказига ҳайдаб келинган.


Шундан сўнг, туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи бошчилигида SP LUXE МЧЖ қўшма корхонаси иш бошқарувчиси ҳамда фуқаролар билан йиғилиш ўтказилиб, ушбу жамият раҳбари «Сохибкор хожиакбар» фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартномани бекор қилиниши мутассаддилар назоратига олинган.

Бундан ташқари, юқоридаги каби ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аҳолининг чорва моллари учун айни вақтларда кластер корхоналари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига МЧЖлар ташкил этган ҳолда, биринчи навбатда қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун ажратилиши бўйича келишиб олинган.