Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани истиқомат қилувчи она Х.З. қизи Т.И. билан Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохона ва поликлиникаларга фуқароларни ишга жойлаштиришни ваъда қилиб 11 нафар ҳамшаҳарини алдагани айтилмоқда. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Аниқланишича, улар жами 4300 долларни олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Жумладан, фуқаролар О. А.дан $300, Х. М.дан $700, О.Д.дан $300, Х.Ш.дан $300, Н.Ш.дан $700, К.К.дан $600, Ё.Н.дан $300, Ю.С.дан $200, Қ.М.дан $100, Р.Г.дан $500, Б.Н.дан $300 олган.

Бундан ташқари, Т.И. жорий йилнинг 1−2 апрель кунлари Шаҳрисабз шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ва котибаси ҳамда кўп тармоқли поликлиника бош шифокориларига телефон орқали ўзини мансабдор шахс сифатида таништирган. Смс хабарнома орқали юқоридаги фуқароларнинг исм ва фамилиясини ёздириб, ишга қабул қилишини талаб қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.