Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган 671,3 млрд сўмлик маблағлар ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 трлн сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси Ҳисоб палатасининг 2020 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар сарфланиши устидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиб, аниқланган 23,8 млрд сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар ҳамда ортиқча молиялаштирилган 8,4 млрд сўм маблағлар жамғармага қайтарилган.

Шу билан бирга, Ҳалқ таълими вазирлиги муассасаларида 192,2 млрд сўмлик молиявий хато, камчиликлар ва ўзлаштиришлар аниқланган. Жумладан, Беруний туманидаги 420 млн сўмга қурилиб фойдаланишга қабул қилинганлиги кўрсатилган 58-мактаб филиалида умуман қурилиш бўлмаганлиги аниқланган.

Муҳокамаларда, шунингдек, ҳисоботда келтирилган халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010−2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 млрд долларлик 81 та лойиҳаларнинг 24 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.

Айрим лойиҳалар йиллаб кечиктирилган, шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар доимий ўзгартирилган ёки сифатсиз асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда сотиб олинганлиги, баъзи лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ўта паст даражада ҳамда лойиҳа маблағлари талон-торож қилиниб ўзлаштирилганлиги айтиб ўтилди.