6 апрель куни кечқурун Андижон ва Наманган вилоятлари аҳолиси Ўзбекистон осмонида ёрқин чақноққа гувоҳ бўлишди. Ҳодиса акс этган видеоёзувлар маҳаллий Telegram-каналларида тарқалди.

Худди шу ҳодиса Қирғизистон осмонида ҳам кузатилди, Бишкек ва Чуй вилояти аҳолиси номаълум объектнинг қулаганини қайд этишди, дея хабар берди 24.kg сайти.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти директори ўринбосари Юсуфжон Тиллаев ҳодиса юзасидан «Газета.uz»га изоҳ берди.

«Икки тахмин бор. Биринчиси — бу космик чиқинди, космик кеманинг ўз вазифасини бажариб бўлган қисми. Иккинчи тахминга кўра, бу — космик жисм, астероид парчаси бўлиб, кеча болид кўринишида намоён бўлди», — деди Юсуфжон Тиллаев.

Директор ўринбосари айни пайтда институт мутахассислари мазкур ҳодиса сабабларини ўрганиш устида иш олиб бораётганини маълум қилди. «Умид қиламанки, тез орада биз унинг нима эканини аниқлаймиз», — дея қўшимча қилди олим.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати осмондан объект тушиши билан боғлиқ қандайдир вайронагарчиликлар тўғрисида ахборот келиб тушмаганини хабар қилди.