23 март куни Панама байроғи остидаги «Ever Given» контейнер кемаси 200 минг тонна сиғими билан саёзга ўтириб, Сувайш канали жанубидаги транспорт ҳаракатини бутунлай тўсиб қўйди. Содир бўлган жойдан олинган фотосуратларга кўра, кема канал бўйлаб туриб, икки йўналишда ҳаракатларни тўхтатиб қўйганини кўриш мумкин эди. Интернетда «Ever Given» кемаси мисрлик аёл капитан Марва Элселехдар бошқаруви пайтида саёзга ўтирган деган миш-мишлар тарқалган. Нима учун айнан Марва Элселехдар бундай танқидларга учради ва денгиз соҳасида фаолият юритадиган аёлларга нисбатан муносабат қандай? Мазкур масалаларга ойдинлик киритган «Медуза» мақоласининг таржимасини «Газета.uz» тақдим этади.

Денгизга ошиққан қиз

29 ёшли мисрлик Марва Элселехдар денгизни болалигидан севарди. У Искандариядаги Араб фан, технология ва денгиз транспорти академиясига (AASTMT) ўқишга киради. Марва халқаро транспорт ва логистика факультетида таҳсил оларди. Бироз вақт ўтгач, у акаси ўқиган денгиз транспорти ва технологияси факультетига кўпроқ қизиқишини англади. Аммо у ерга фақат эркаклар қабул қилинар эди.

Фото: Instagram/ marwa.elselehdar

Марва барибир ушбу факультетга ўтиш учун ариза топширди. Унинг аризасини кўриб чиқишдан олдин академия раҳбари Миср қонунчилиги аёлларга капитан лицензиясини беришга рухсат берадими ёки йўқлигини текширишни буюради. Масала ўрганилиб чиқилса, рухсат бор.

Марва факультет имтиҳонларини муваффақиятли топширди ва у ерда таҳсил оладиган 1200 эркак талабалар орасида биринчи аёл талаба бўлди. Ўқишни 2013 йилда битириб, Миср денгиз хавфсизлиги бошқармасига тегишли бўлган «Аида IV» кемаси капитанининг иккинчи ёрдамчиси сифатида ишга киради. Кема ҳарбийлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини Қизил денгиздаги маёққа етказиб беради.

2015 йилда Марва қўмондонлик штаби аъзоси сифатида кенгайтирилган Сувайш канали бўйлаб биринчи бўлиб сузган «Аида IV» кемасини бошқарган. У ушбу сувларда кема бошқарган араб мамлакатларидан биринчи аёл капитан бўлди.

«Сувайш каналининг тўсиб қўйилишида — аёл киши айбдор»

23 март куни «Ever Given» контейнер кемаси саёзга ўтириб, Сувайш канали жанубидаги транспорт ҳаракатини бутунлай тўсиб қўйганида, интернетда кемани айнан Марва бошқарганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бироқ Марва ҳали ҳам «Аида IV» кемасида ишлайди.

Марва ҳақидаги Arab News мақоласи скриншоти интернет бўйлаб тарқалди. Мақола ҳақиқий эди, лекин унинг сарлавҳаси ўзгартирилиб, «Мисрнинг биринчи аёл капитани Сувайш каналининг тўсиб қўйилишига алоқадор» деб айтилган эди. Ёш аёл ушбу маълумотни Instagram ва оммавий ахборот воситаларида рад қилишига тўғри келди.

«Мен бу соҳада муваффақиятга эришган аёл эканим ёки мисрлик бўлганим сабабли бундай фикрларга дучор бўлишим мумкин деб ўйладим», — дейди у.

Марва денгиз соҳасида фаолият юритадиганлар ичида аёллар атиги 2 фоизни ташкил этишини ва у ўқиш пайтида ҳам, иш пайтида ҳам дискриминацияга дуч келганлигини айтган эди. Унинг ўзи потенциал иш берувчилардан аксарияти бортга аёлларни ишга олишни хоҳламагани учун рад жавобини олган. «Бизнинг жамиятдаги одамлар аёлларнинг ўз оилаларидан узоқ вақт денгизда ишлай олишини ҳали ҳам қабул қилмайдилар», — деб қўшимча қилган у.

Марва Сувайш каналини унинг кемаси тўсиб қўйгани ҳақидаги миш-мишлар унинг репутациясига путур етказиб, карьерасига ҳам зарар етишидан қўрққан.

Аммо салбий шарҳлар билан бирга унга нисбатан кўплаб ижобий мулоҳазалар ҳам билдирилган. Май ойида Марва капитан унвонини тўлиқ олиш учун сўнгги имтиҳонини топширади.