Замонавий шаҳар — бу мураккаб механизм. У кўплаб кўчалар, бинолар, мавзелар ва даҳалардан ташкил топган. Шаҳарларда майдонлар, боғлар ва хиёбонлар бор. Керакли жойни топиш, юкларни ўз вақтида етказиб бериш ёки кимдир хавф остида бўлса, унга ёрдам кўрсатишни осонлаштириш учун бу жойларни қандайдир ном билан аташ зарур.

Айнан шунинг учун шаҳарларга манзиллар керак. Аниқроғи, бутун бошли манзиллар реестри. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаментининг картография ва топонимика бўлими бошлиғи Анвар Джаббаров «Газета.uz»га пойтахт манзилларини ўрганиш ва шаҳар манзиллари билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапириб берди.

Рақамли ривожланиш департаменти нима?

«Рақамли ривожланиш департаменти» — бу Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги ташкилотдир. Биз шаҳар раҳбариятига аҳоли иштирокида умумий қарорларни қабул қилиш ва одатий жараёнларни рақамлаштиришда ёрдам берувчи воситаларни яратамиз.

2020 йилда биз Тошкент манзилларининг онлайн каталогини яратиш устида иш олиб бордик. У коронавирус пандемияси пайтида кўнгиллиларга муҳтож оилалар учун озиқ-овқат етказиб беришда ёрдам берди.

Шунингдек, биз «Sog' Bo’ling» хизматини ишга туширдик, бу эса беморларга пойтахтдаги касалхоналарда COVID-19дан даволаниш сифатини баҳолаш имконини берди.

Ҳозирги пайтдаги сўнгги лойиҳамиз Тошкент аҳолисига шаҳардаги муаммолар тўғрисида очиқ гапиришга имкон берувчи «Xalq Nazorati» хизматидир. Масалан, қўнғироқларга вақт сарфламай, йўлдаги чуқурликлар ёки лифтнинг бузилганлиги ҳақида хабар бериш мумкин. Шу билан бирга, мурожаатлар фуқаролар бажарилган ишдан қониқмагунча очиқ қолади.

Ҳаммаси ҳам биз хоҳлагандек амалга ошмади. Аммо: умуман олганда: одамлар учун Тошкентни бироз замонавийлаштириш учун бир нечта фойдали хизматларни яратишга муваффақ бўлдик.

Биз Тошкентдаги манзиллар билан ҳам шунчаки шуғулланмаймиз: 2020 йил март ойида президент пойтахтда рақамли технологияларни кенг жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Рақамли ривожланиш департаменти Тошкент учун ягона манзиллар реестрини ишлаб чиқиши керак.

Манзиллар реестри нима?

Манзиллар реестри — у ёки бу объект жойлашган жой ҳақидаги маълумотлар: турар-жой биноси, офис биноси ёки масалан, завод бўйича. Ҳар бир объектнинг манзилида почта индекси, мамлакат, шаҳар ва туман номи, кўча ва уй тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, объектни харитадаги аниқ жойга боғловчи геолокация кўрсатилиши керак.


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Манзилни шакллантиришнинг ушбу тартиби 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг кўчмас мулк манзилларининг ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган.

Бундай реестрни яратиш устида ишлашни бошлаш учун шаҳримиз манзиллари ҳозирда қандай ҳолатда эканлигини тушунишимиз керак эди. Шу мақсадда биз тадқиқот ўтказдик.

Архивлар, кашфиётлар ва дастлабки муаммолар

Биз ўз ишимизни архивлардаги қидирувлардан бошладик. Қидирув муваффақиятли ўтди: ҳаттоки 1860-йиллардаги Тошкент кўчалари ва маҳаллаларининг эски номлари архив маълумотлари ҳам топилди. Шунингдек, биз Тошкентнинг 1978, 1992 ва 2005-йиллардаги топографик режаларини топдик. Ҳаммаси бўлиб биз 1000 дан ортиқ архив ҳужжатларини рақамлаштирдик ва ўрганиб чиқдик.

Архивларни замонавий хариталар билан таққослаш натижасида биз кўплаб муаммоларни топдик. Улардан бири Тошкентда қурилиш ишларининг ўсиш суръати билан боғлиқ. 2019 йилда пойтахтда 450дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилди. 2020 йилда — 140дан ортиқ.


Фото: Зума Мирзалиева / «Газета.uz»

Янги турар-жой бинолари ва бошқа бинолар кўчалар ва мавзеларни ташкил этади. Кўчалар ва мавзелар эса географик объектлардир. Ҳар бир шундай объектга ном берилиши, улар экспертизадан ўтказилиши ва Географик объектлар номларининг давлат реестрига киритилиши керак.

Бу иш билан Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш бўйича комиссиянинг туман ва шаҳар бўлинмалари шуғулланиши керак. Аммо комиссиядаги жараёнлар тегишли даражада ташкил этилмаган.

Бундан ташқари, Тошкентда ва унинг туманларида географик объектларнинг ҳисобини тўғри юритиш учун масъул бўлган доимий ишловчи ходим йўқ. Одатда, бу ишлар билан комиссия ҳудудий бўлинмаларининг котиблари шуғулланади, улар эса қайдларни тўғри юрита олмайди, чунки қайдларни юритиш учун зарурий регламент мавжуд эмас.

Географик объектлар номларининг ҳисобтини юритиш зарур, зеро бу географик объектларга — кўчаларга, тор кўчаларга, боғларга бир аҳоли пунктида айнан бир хил ном берилишининг олдини олади.

Манзиллар ҳисобининг юритилмаслиги сабабли шаҳарда бир хил номдаги кўчалар пайдо бўляпти. Масалан, Махтумқули кўчаси: шу номдаги кўчанинг бири Шайхонтоҳур туманида, иккинчиси Яшнобод туманида жойлашган. Шайхонтоҳур туманидаги Совхозная кўчасининг номи 1960-йилда Махтумқули деб ўзгартирилди. Аммо кейинчалик шу ном бошқа кўчага ҳам берилди. Ҳозирда Тошкентда бир хил номдаги 20 дан ортиқ жой ва юзлаб бир хил манзиллар мавжуд.

Бюджет бўйича ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Биноларга кўча номи ва рақам белгиларини (кўча пештоқларини) ўрнатиш Ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади. Бошқарма берган маълумотларга кўра, 2020 йилда 30 мингдан ортиқ биноларнинг 18 мингдан зиёдига кўча пештоқлари ўрнатилган. Ҳозир Тошкентда яна 12 237 та кўча пештоқларини ўрнатиш лозим. Бунинг учун деярли 430 миллион сўм ажратиш керак. Аммо 2020 йилда кўча пештоқлари учун атиги 14 миллион сўм ажратилди — бу зарур бўлган пул миқдоридан 30 баравар кам.


Буларнинг барчаси шаҳардаги кўплаб биноларнинг умуман белгисиз қолишига олиб келди. Буни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг телеграм-каналида эълон қилган сўровнома ҳам тасдиқлайди. Респондентларнинг ярмидан кўпи кўчаларида ҳеч қандай белгилар йўқлигини айтган. Тадқиқотларимиз давомида баъзи уйларда Совет давридаги кўча пештоқлари осилиб турганини ҳам аниқладик.

Бунинг оқибатида кўп объектлар умуман номланмай қолмоқда. Пойтахтимизда 200 дан ортиқ шундай объектлар мавжуд. Масалан, Сергели туманида оддийгина «10-қурилиш майдончаси» деб номланган жой бор. У ердан уй-жой сотиб олган фуқаролар кадастрларида кўчанинг номи ўрнига қурилиш майдончасининг рақами кўрсатилган. Ҳанузгача ушбу кўчаларга ном бериш тўғрисида расмий ҳужжат йўқ.


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Иккинчи томондан, кўплаб объектлар амалдаги қоидаларга риоя қилинмасдан номланади. Масалан, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида Изза кўчаси мавжуд. Кўча бўйлаб янги маҳаллалар пайдо бўлди, уларнинг кўчалари ҳам Изза деб номланди. Бу нотўғри, чунки бу ҳолат ҳукуматнинг тегишли қарори билан белгиланган манзилларни бериш тартибига хилофдир.

Унга кўра кўчмас мулк кўчада жойлашган жойига қараб рақамланади. Кўчалар эса турли йўналишларда бўлади: радиал, ҳалқа кўчалари. Бундан ташқари, мавзелардаги ёки периметрни ташкил этувчи майдонлар ичидаги уйларни рақамлаш тартиби мавжуд. Бундай нозик жиҳатлар талайгина.

Мазкур жиҳатларга амал қилмаслик Тошкент аҳолиси учун бошқа, янада жиддий ва ҳатто хавфли қийинчиликларни келтириб чиқарувчи муаммоларга олиб келади.

Шрёдингер базаси

Ҳозир Тошкентда қандайдир манзиллар базаси бор, аммо улар худди йўқдек. Географик объектлар номлари давлат реестрида битта база, Давлат солиқ қўмитаси қошидаги Кадастр агентлигида бошқа база мавжуд, Тошкент шаҳрини ободонлаштириш бош бошқармасининг базасининг эса ярми умуман бўш.

Масалан, Давлат реестри маълумотларига кўра, пойтахтда 1408 кўча мавжуд. Кадастр агентлиги базасида эса кўчалар 1907 та деб кўрсатилган. Кўчаларни ободонлаштириш бошқармаси базасига кўра кўчалар сони 1523 та.

Ягона манзиллар реестрининг йўқлиги ҳукуматга ҳам, аҳолига ҳам, бизнесга ҳам халақит беради. Ҳамма адашади: тез ёрдам машиналаридан тортиб, курьерларгача. Шу билан бирга, мутлақо ҳаммага манзилларнинг аниқ маълумотлари базаси керак.

Базан объектларнинг турлари ўзгартирилишининг сабаблари тушунтирилмайди. Масалан, Ислом Каримов кўчаси баъзи ҳужжатларда кўча, бошқаларида эса шоҳ кўча деб белгиланган. Аслида бу нима — шоҳ кўчами ёки кўча — тушунарсиз.

Бундан ташқари, шоҳ кўча нима эканлиги ва унинг кўчадан қандай фарқ қилишини белгилайдиган ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Эҳтимол, бизнинг департамент бундай ҳужжатни ишлаб чиқиш ташаббусини кўтариб чиқиши мумкин.

Таржимадаги муаммолар

Илгари барча хариталар ва маълумотлар базалари рус тилида бўларди. Кейин уларни таржима қилишга тўғри келди. Натижада, айрим объектларнинг номлари ўзбек тилига нотўғри таржима қилинган.

Масалан, Миробод туманида Файзиобод кўчасида муюлиш кўчалар бор. Бу кўчаларни «переулок» деб ҳали совет даврида аташган. Баъзи ҳужжатларда «переулок» сўзи ўзбек тилига «тор кўча» деб таржима қилинган. «Тор кўча» «проезд» сўзининг таржимаси сифатида ҳам ишлатилади — шу маънода у кундалик ҳаётда ўрнашиб қолган. Натижада, Файзиобод кўчасида бир хил рақамли иккита «проезд» — «тор кўча» бор.


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Биз Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мутахассисларидан «переулок» сўзини ўзбек тилига қандай таржима қилиш кераклиги ҳақида сўрадик. Маълум бўлишича, «переулок» «муюлишли кўча», «проезд» эса «туташтирма» деб таржима қилиниши керак экан.

Нима учун «проезд» «тор кўча» деб таржима қилинганини билмаймиз. Аммо тўғри таржима кундалик нутқимизга кира олиши даргумон, шунинг учун биз Тошкентдаги аҳоли пунктларининг географик объектлари турларига «тор кўча» маъносини «проезд"лар учун киритишни таклиф қилдик.

Бугунги «тор кўча"ларнинг барчаси ҳам Совет даврида «переулок» деб аталмаган. Кўп жойларда «тор кўча"лар «тор кўча"лигича қолган. Аммо тўғри таржимага қарамай, ҳалигача муаммолар келиб чиқади. Чунки, кўча номини ўзгартириб, ушбу кўчанинг тор кўчаларининг номини ўзгартиришни унутишади.

Яшнобод туманининг Махтумқули кўчасига қайтсак. 2005 йилгача у Ҳамза, ундан олдинроқ — Мирзамаҳмуд Мусаханов деб номланган. 2005 йилда кўча номи Паҳлавон Маҳмуд номига ўзгартирилди. Бу кўчанинг барча тор кўчаларини қайта номлашни унутишди ва уларнинг эски номларини ўзгартиришсиз қолдиришди — Ҳамза 1-тор кўчаси, Ҳамза 2-тор кўчаси.

Натижада, кўча ва унинг тор кўчаларининг номлари турлича. Бундай бўлмаслиги керак.

Сарҳадсиз шаҳар

Тошкент географик объектларининг яна бир муаммоси — бу уларнинг чегараси йўқлиги. Масалан, Қорасарой кўчаси қаерда тугаб, Тарих кўчаси қаердан бошланиши тушунарсиз.

Агар биз картографик материалларга мурожаат қилсак, турли йилларда чегаралар турлича белгиланганлигини кўрамиз.

Объектларнинг чегараларини аниқ белгиловчи ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Кўчалар бир-бирига кириб кетади, кесишади, такрорланади ва яна барчани чалғитади.

Нима учун буларнинг барчаси шунчалик муҳим?

Чунки бу хавфли. Мисол: шаҳарда манзили «Латофат кўчаси, 14-уй» бўлган иккита объект мавжуд. Улар шаҳарнинг қарама-қарши нуқталарида жойлашган. Агар ушбу уйлардан бирида яшовчи фуқарога шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш керак бўлса ва у тез ёрдам чақирса, тиббий ёрдам ходимлари айнан қайси бир локацияга бориш кераклиги борасида фол очишларига тўғри келади.

Узоқ вақт давомида аниқ қаерга келишни тушунтиришга одамнинг имкони бўлмаслиги мумкин. У бунга мажбур ҳам эмас, ахир тиббий ходимларнинг ўз вақтида етиб боришлари ортиқча тушунтиришлар ва кўрсатмалар талаб қилмаслиги учун шаҳарнинг манзиллар реестри тартибда бўлиши шарт.

Авгиев отхоналари

Буларнинг барчасини қандай тузатиш мумкин? Биринчи навбатда шаҳар географик объектларининг номларини тартибга солиш учун ишчи гуруҳ тузиш керак. Гуруҳ таркиби шунчаки мансабдор шахслардан эмас, балки олимлар — меъморлар, топонимистлар, географлар, тарихчилар ва тилшунослардан иборат бўлиши зарур.

Ҳокимнинг қарори билан бундай гуруҳ 2021 йил февралда тузилди. Ишчи гуруҳ Бектемир ва Миробод туманларидаги объектлар инвентаризациясини ўтказди. Гуруҳ давлат реестрида бўлмаган янги объектларни топди. Бундан ташқари, давлат реестридаги баъзи объектлар аслида мавжуд эмаслиги аниқланди. Ушбу мақола эълон қилинган вақтга қадар гуруҳ томонидан 600 та объект текширилган. Умуман олганда эса шаҳарда ҳали 5000 дан ортиқ объектларни текшириш керак.


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Бундан ташқари, шаҳардаги географик объектларни номлашда ишлатилиши мумкин бўлган ном турларини аниқ белгилаш, адаштирадиган ва чалкаштирадиган турларни олиб ташлаш керак.

Ҳозирда бундай рўйхат мавжуд эмас, шунинг учун агар кимда-ким пойтахтдаги бирор бир йўлни магистраль ёки автобан деб аташ ғоясини илгари сурса, бу қанчалик мантиқсиз бўлмасин, шундай йўл тутилади, ахир буни таъқиқловчи ҳужжатнинг ўзи йўқ.

Шунингдек, Тошкентда кичик шаҳарчалар — тиббиёт шаҳарчаси, талабалар шаҳарчаси, ишчи шаҳарчаси мавжуд — аммо амалдаги қонунчиликка биноан шаҳар ичида шаҳарчалар бўлиши мумкин эмас. Агар шаҳар аҳолиси ҳудудни «Вузгородок» деб аташга одатланган бўлса, унда бу ном атоқли номга айланиши мумкин, аммо географик объектнинг тури ўзгаради.

Келажакда Тошкентда магистраль йўллар пайдо бўлмаслиги учун биз Халқ депутатлари шаҳар кенгашига Тошкентнинг таркибий қисмларига оид бўлган географик объектларнинг турлари рўйхатини тасдиқлашни таклиф қилдик.

Ушбу рўйхатга шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, берк кўчалар, мавзелар ва майдонлар киритилиши мумкин. Бу маҳаллалар, боғ ёки хиёбонлар бўлмайди дегани эмас. Боғ ва хиёбонлар географик объектлар сифатида қолади. Бироқ, манзилни шакллантирувчи элемент сифатида улар реестрда қатнашмайди. Масалан, «Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, „Ғафур Ғулом“ боғи, 1-уй» манзили бўлмайди. Аслида, боғлар ва хиёбонларнинг ўзи кўчалар ёки мавзеларга боғланган, шунинг учун биз улардан манзил элементлари сифатида фойдаланмасликка қарор қилдик.

Маҳаллалар эса ҳудудий хусусиятга эга ва уларнинг мавжуд чегаралари доирасида мулкни тўғри рақамлаш имконини бермайди.


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Бундан ташқари, барча объектларнинг чегараларини белгилаш ва ном берилмаган кўчаларга ва мавзеларга ном бериш лозим. Бу биринчи навбатда янги ташкил этилган ҳудудларга тааллуқлидир.

Ва энг муҳими — кўпчилик «тор кўча"ларни кўчаларга ўзгартиришдир. Шунчаки бизга «тор кўча» сўзи ёқмагани учунгина эмас, балки кўпгина тор кўчалар илгари кўчалар бўлгани учун ҳам буни амалга ошириш керак.

Ушбу муаммоларнинг барчаси ўз ечимини топганда аҳолининг ҳам, давлатнинг ҳам шаҳарда ўз манзилини топиши ва осон ҳаракатланиши учун ягона манзиллар реестрини тузиш мумкин бўлади.

Пировард натижа

Ҳа, Тошкентда манзиллар билан боғлиқ муаммолар жуда кўп, аммо бир жиҳат хурсанд қилади — уларнинг бари ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолардир. Биз Рақамли ривожланиш департаменти ходимлари пойтахт аҳолиси учун манзилларимиз тартибга солиниши жуда муҳимлигига аминмиз. Сизнинг мазкур масалага эътибор беришингиз бизнинг ишимизга ва мавжуд вазиятни яхшилашимизга ёрдам беради.

Бир неча йил ичида Тошкентда «тор кўча"лар камайиб, кўчалар сони ошиши ва ниҳоят, соғлом одамнинг манзиллар реестри пайдо бўлиши устида иш олиб бормоқдамиз.