Ангрен, Нурафшон, Олмалиқ шаҳарлари, Пискент, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган пуллар талон-тарож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар бермоқда.

Аниқланишича, «Сувоқова» ДУК Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси билан 6 та МЧЖ ўртасида тузилган пудрат шартномаларига асосан амалга оширилган ишлар бўйича ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилган.
Амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 493,8 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жамият раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.