6 апрель куни Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» бўлиб ўтди. Унда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов автомобиль йўлларининг бугунги кундаги ҳолати, лойиҳалаштириш ва қуриш борасидаги ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Таъкидлашича, ҳозирги кунда автомобиль йўлларининг 3993 км (9 фоизи) халқаро, 14 203 км (33 фоизи) давлат ҳамда 24 673 км (58 фоизи) маҳаллий аҳамиятдаги йўллар ҳисобланади.

Ҳисоботдан сўнг, депутат Дониёр Ғаниев маблағларнинг мақсадли сарфланиши билан қизиқди. «Минг афсуски, Ҳукумат томонидан биргина, мана шу йўлларнинг ўзига 1 млрд 600 млн долларга яқин ташқи қарз маблағлари жалб қилинишига қарамасдан, ҳали йўлларимизни таъмирлашга эҳтиёж кузатилмоқда. Бундан ташқари, айнан мана шу ташқи қарз ҳисобига молиялашган лойиҳаларда, афсуски, жуда кўплаб кечикишлар ва қонунбузилишлар учраб турибди», — деди у.

Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, Ислом тараққиёт банкининг 125 млн доллар маблағи ҳисобига М39 Тошкент-Термиз йўналишида 97 кмга яқин йўлни таъмирлаш ишларини 2014 йилда якунлаш белгиланган. Шунга қарамай, қуриш ишлари 5 йилга чўзилиб кетган. Бунга материалларни етказиб беришдаги камчиликлар сабаб қилиб кўрсатилган.

Депутатнинг айтишича, А373 йўлидаги 3 км йўл ҳам 2020 йил якунига қадар таъмирланиши белгиланган. Бироқ бу ҳануз якунланмаган, ахборотларда эса 2021 йил охиригача тугатиш қайд этилмоқда.

«Жаҳон банкининг ахборотида айнан лойиҳаларни муддати чўзилиши бу уларни амалга оширишда коррупциянинг бир белгиси сифатида кўриш мумкинлиги қайд этилган. Қолаверса, Transparency international`нинг коррупцияга оид индексини олсак, қурилиш соҳаси, жумладан, йўл қурилиши дунёда энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида келтирилган. Жаҳон банкининг тахминича, ривожланаётган давлатларда ўртача 10 фоиз коррупция бўлаётган бўлса, йўл қурилишидаги коррупция кўрсаткичи 35 фоизгача бориши мумкин», — деди Ғаниев.

Мазкур маълумотлардан келиб чиқиб, депутат қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

  • Бугунги кунда Ўзбекистонда йўл қурилиши соҳасида амалга оширилган ва бажарилаётган лойиҳаларда коррупция даражаси неча фоиз деб ўйлайсиз?
  • Лойиҳаларнинг белгиланган муддатлардан чўзилиб кетиши ёки коррупция ҳолати бўмаслиги учун вазирлик ва қўмитада қандай ишлар амалга оширилган?
  • Жаҳонда йўл қурилишидаги коррупциянинг асосий индекаторларидан бири бу ўртача 4 тасмали йўл қурилиши нархи экан. Ўзбекистонда 4 тасмали 1 км йўл қуриш ва реконструкция қилишнинг ўртача нархи қанча?

«Дунёвий қараганда йўл соҳасида коррупция белгилари, омиллари бўлиши мумкин. Бор, биз бу нарсани инкор қилмоқчи эмасмиз. Мен фоиз даражасида айтиб бера олмайман, солиштирадиган белгилар ва кўрсаткичларим йўқ. Тизим ҳозир шунақа яратиляптики, вазирликда ҳам, қўмитада ҳам комплеанс назоратни амалга ошириб, алоҳида хизматни яратганмиз», — деди транспорт вазири.

Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, «коррупциянинг олдини олиш мақсадида қанақадир технология ёки янги йўналишлар ишлаб чиқарилгани йўқ. Бунинг ўзини физик назорат тизими мавжуд».

«Яъни, лойиҳа олди, лойиҳалаштириш, тендерларда ғолибларни аниқлагандан кейин уларни баҳолаш тизимида ҳамда пудрат ташкилотларининг ҳар бир иш жараёнини техник назорат тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Коррупция профилактикаси ва хавфининг олдини олиш тизимини яратмоқчимиз», — деди вазир.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов (марказда) ва Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев (ўнгда). Фото: Видеодан лавҳа.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев йўлларнинг қурилиш ва реконструкцияси нархи бўйича маълумот берди.

«Автомобиль йўллари давлат қўмитаси энг қиммат йўл Гулистонда 3 км — 1 кмни 950 минг долларга [ҳисоботда ноаниқлик бўлгани боис, Транспорт вазирлиги матбуот хизматидан аниқлаштирилди — таҳр.] қурганмиз. Ўзбекистон нархларига кўра, энг қиммат йўл ўтиш йўлаклари, лотоклари ва бошқалари билан 10 млрд сўм нархида бўлади. Лекин дунёда бунақа суммада ҳеч ким йўл қурмайди. Мисол учун интернетга қидирувга берсангиз, энг ками Туркияда 2 млн доллардан тепага қараб чиқади», — деди у.

У ҳозирда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаётган Туркия лойиҳалаштириш компаниясининг нархларини мисол тариқасида келтирди.

«Yuksalish Project компаниясида Тошкент ҳалқа йўлини лойиҳасини қилиш 5 млн 700 минг доллар туради. Бизни иккита институтимиз (Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплутацияси институти ва „Ўзйўллойиҳа“ лойиҳа-қидирув институти ДУК — таҳр.) ишлайди. Биттасида 300 нафар, иккинчисида 200 нафар ходим бор. Шундаги ҳамма лойиҳачиларга бир йилга 5 млн доллар ҳаражат қилинади», — деди Абдураҳмон Абдувалиев.