5 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг собиқ бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

Гулжаҳон Йўлдошева Жиноят кодексининг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан реабилитация қилиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а», «б», «в», «г» бандлари, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, Гулжаҳон Йўлдошева 2020 йил 8 сентябрда ушланиб, суд ҳукми чиқарилган кун, яъни 2021 йил 5 апрелга қадар унга нисбатан қамоққа олиш ва уй қамоғи эҳтиёт чоралари қўлланилганини инобатга олиб, тайинланган озодликни чеклаш жазоси муддатидан 6 ой 27 кунни чиқариб, ўташ учун унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 5 ой 3 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Гулжаҳон Йўлдошевага сутканинг соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиши чекланди. Шунингдек, унинг зиммасига маҳкумларни назорат қилувчи органлар розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда яшаш жойидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча чеклашлар ўрнатилди. Жазони ижро этиш Чирчиқ шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи томонидан амалга оширилади.

Ҳукм ўқиб эшиттирилгандан 20 кун ўтиб кучга киради. Унга қадар томонлар апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоят вилоят бош инфекционисти 8 сентябрь куни Чирчиқ шаҳридаги гўзаллик салонида ушланган ва бир кун ўтгач, суд қарори билан ҳибсга олинган эди. У судланувчи сифатида 167-модданинг 3-қисмининг «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жуда кўп миқдорда) ва 207-модданинг 3-қисмининг «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланувчи сифатида жиноий ишга жалб қилинган.

Унинг адвокати Хушнуд Аҳроров «Газета.uz»га Йўлдошева марҳум Фаррух Рустамовнинг ўлимига алоқаси йўқлигини айтган эди.