Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати органлари 2020 йилда тўртта терактнинг олдини олди, деб хабар берди ЎзА ДХХ матбуот хизматига таяниб. Уларнинг иккитаси Ўзбекистонда, иккитаси МДҲ мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган эди, дейилади хабарда.

ДХХ маълумотларига кўра, ўтган йили 67 та яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бундан ташқари, экстремизм ва терроризмга алоқадорликда айбланиб, хорижда яшириниб юрган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга олиб келинди ҳамда жавобгарликка тортилди.

747 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар, 251 минг дона психотроп таблеткалар, 594 дона қурол, 4781 дона ўқ-дори ва 24,4 кг портловчи моддалар ноқонуний муомаладан олинди, таъкидланди хабарда.

ДХХ хабарига кўра, шунингдек, 540 дан ортиқ коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Бюджет ва кредит маблағларининг талон-торож қилиниши ҳамда мақсадсиз ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, 557 млрд сўм давлат фойдасига ундирилди.

Ноқонуний миграция ва одам савдосига алоқадор 102 та жиноий гуруҳ фош этилган. Давлат чегарасидан ноқонуний олиб ўтилган 58,3 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар қўлга олинган.

Аввалроқ, 2018−2019 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати хорижий махсус хизматлар билан биргаликда тўққизта терактнинг олдини олгани, улардан иккитаси Ўзбекистон ҳудудида бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.

5 апрель куни Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати куни нишонланади. 2018 йил шу куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни имзолаган эди.