Андижон шаҳар шимолий саноат ҳудудидан ер олиб беришни ваъда қилганлик ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Маълум бўлишича, фуқаро У.Н. фуқаро Ж.ни Андижон шаҳар саноат ҳудудида жойлашган ўзига тегишли кўчмас мулк объектига туташ ер майдонидан қўшимча ер участкаси ажратиб бера олишига ишонтирган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

У 50 минг АҚШ доллари эвазига юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришини айтган. Олдиндан 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.