15 апрелдан «Uzbekistan Airports» АЖ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифларни пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унга кўра, асосий йиғим ва тарифлар ўртача 27 фоизга пасайтирилиб, Ўзбекистон аэропортларига мунтазам йўловчи рейсларини бажарадиган хорижий авиакомпаниялар учун қўлланилади.

Пасайтирилган йиғим ва тарифлар халқаро авиация маълумотномаларида эълон қилинди. Бу билан ИКAОга аъзо бўлган 190 дан ортиқ мамлакат ва AIPдан фойдаланувчи барча авиакомпаниялар Ўзбекистон аэропортларида қўлланиладиган тарифлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши учун имконият яратилди, дейилади хабарда.

«Қабул қилинган қарор Ўзбекистон аэропортларининг рақобатбардошлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш ва ишлар самарадорлигини рағбатлантириш, аҳоли учун ҳаво транспортидаги ташишларни янада арзон қилиш учун замин яратади», — дейди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Рано Джураева.