Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Иосифович Шапиро 83 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» халқаро мультимедиа лойиҳаси хабар қилди.

У 1937 йилда Украинанинг Житомир вилояти Олевск шаҳрида туғилган. Иккинчи Жаҳон Уруши вақтида оиласи билан Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Дастлаб Марғилонда яшайди, сўнгра ота-онаси билан Тошкентга кўчиб ўтади. 1944 йилда ортга, ватанига қайтади ва санъат ўрта мактабида таҳсил олади.

Киев санъат билим юртини тамомлаб, Санкт-Петербургдаги И. Е. Репин номидаги Давлат академик рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтига киради. Таҳсил олиш мобайнида дунё бўйлаб сафар қилади. Кейинроқ институтдаги таҳсилини давом эттирган ҳолда Тошкентга кўчиб ўтади.

Унинг ижод намуналари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Франция, Италия, Исроил, Япония ва бошқа давлатларда ўрнатилган. Тошкентда Яков Шапиро метронинг бешта станцияси, жумладан «Мустақиллик майдони» ва «Буюк ипак йўли» станциялари учун паннолар тайёрлади.

Бундан ташқари, ҳайкалтарош Ўзбекистон пойтахтидаги Максим Горький, Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳадур Шастри, Ботир Зокиров, Бухородаги Хўжа Насриддин Афанди ҳайкаллари муаллифи ҳисобланади.

Ижодкор қатор архитектура-ҳайкалтарошлик ансамбллари, жумладан, юлдузлар мавзусидаги Она Замин, Икар, Улуғбек, Циолковский, Қиролича, Гагарин ҳамда космонавт, икки карра Совет Иттифоқи қаҳрамони Владимир Жонибеков бюсти композицияси устида ишлади.

Фото: Hook.Report.

«Буюк ипак йўли» станциясидаги панно. Фото: Hook.Report.

Яков Шапиронинг Ўзбекистондаги устахонасидаги ҳайкаллари.

Тошкент, 1987 йил. Ҳакалтарош Яков Шапиро «Эртакдаги бахт қуши» композицияси устида ишламоқда. Фото: Спутник.1984 йилда Тошкентдаги Космонавтлар майдонига ўрнатилган «Космос» архитектура-ҳайкалтарошлик ансамбли. Фото: Письма о Ташкенте.

Хўжа Насриддин Афанди ёдгорлиги. Фото: Караван Групп.

Шастри ёдгорлиги. Фото: Караван Групп.

Шота Руставели ҳайкали. Фото: Караван Групп.

2003 йилда бунёд этилган янги музей ансамблининг биринчи биноси олд қисмидаги Игорь Витальевич Савицкий барельефи. Фото: Мариника Бабаназарова.

Ҳамид Олимжон ҳайкали. Фото: shukach.com