3 апрель куни Тошкентда профессионал бокс кечаси бўлиб ўтди. Биринчи ярим енгил вазн тоифасида 26 ёшли ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевнинг (9−0, 7 КО) WBA Super ва IBF чемпионлигининг илк ҳимояси учун IBF йўналиши бўйича мажбурий номзод япониялик 31 ёшли Рёсукэ Ивасага (27−4, 17 КО) қарши жанги кечанинг асосий ҳодисаси бўлди.Фото: vringe.com.

Муроджон Аҳмадалиев vs. Рёсукэ Иваса

Ҳар икки боксчи ҳам рингга чиқишдан олдин анча муддат: чемпион 14 ойдан кўпроқ, рақиби эса деярли 16 ой танаффус қилди. Жанг давомида Аҳмадалиевнинг зарбалари, айниқса аниқ жеблари (кутилмаган зарбалар) ўткирроқ кўринди ва улар натижасида рақибининг чап кўзи тезда қизарди. Оз ҳолатлардагина Иваса ўзбекистонлик рақибининг тажовузкор ҳамлаларини мўътадиллаштиришга муваффақ бўлди.

Аҳмадалиев иккинчи раунддан бошлаб ҳужумни кучайтирди, бешинчи раундда эса босим сезиларли даражада ошди. У бир нечта муваффақиятли ҳужумларни амалга оширди, рақибга кўплаб аниқ зарбалар берди ва ҳакам жангни тўхтатишга қарор қилди. Жанг шарҳловчилари бу қарорни бироз эрта деб ҳисоблашди, чунки Иваса, босим остида қолган бўлса ҳам, ҳимоя чораларини қўллай олди. Якунда Муроджон Аҳмадалиев бешинчи раундда техник нокаут билан ғалаба қозонди ва ўзининг чемпионлик унвонларини ҳимоя қилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Муроджон Аҳмадалиев афсонавий Олимпия чемпиони Леон Спинкснинг рекордини такрорлаб, профессионал рингдаги саккизинчи жангида иккита унвон соҳибига айланган эди. Бундан ташқари, чустлик боксчи Ўзбекистон тарихидаги биринчи ва ҳозирга қадар ягона бирлашган (мутлақ) жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Видео

Шаҳром Ғиёсов vs. Патрисио Морено

Кеча андеркарди (асосий жангдан олдин бўлиб ўтадиган яккаликлар) доирасида Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби Шаҳром Ғиёсов (11−0, 9 КО) ҳам рингга кўтарилди. У биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (63,5 кг гача) мексикалик Лопес Морено (28−5, 20 КО) билан жанг олиб борди. Ўртага Ғиёсовнинг WBA йўналиши бўйича халқаро унвони тикилди.

Ғиёсов жангни тажовузкор бошлади ва рақибининг бош ва танасига кетма-кет зарбалар берди. Иккинчи раунд охирида бухоролик боксчи бир нечта кучли зарбалардан сўнг Лопесни тиз чўкишга мажбур қилди. Учинчи раундда ҳам Ўзбекистон вакили бош ва жигар соҳасига қатор зарба бериб, нокаут қайд этган. Морено юзтубан йиқилиб тушди ва ҳакамни санаш пайтида ўрнидан туришга ҳам уринмади.

Видео

Ҳасанбой Дўсматов vs. Мухсин Кизота

2016 йилги Олимпия чемпиони ўзбекистонлик Ҳасанбой Дўстматов (3−0, 3 КО) биринчи энг енгил вазн тоифасида танзаниялик Мухсин Кизотани (11−3, 5 КО) иккинчи раундда техник нокаутга учратиб, WBA International номзод белбоғини қўлга киритди.

Биринчи раундда танзаниялик боксчи нокдаунга учради, иккинчи раундда эса икки марта йиқилди. Натижада ҳакам жангни тўхтатиб, Ҳасанбой Дўсматовни ғолиб деб топди.

Исроил Мадримов vs. Эммани Каломбо

Биринчи ўрта вазнда (69,9 кг гача) рингга кўтарилган Осиё ва Осиё ўйинлари чемпиони Исроил Мадримов (7−0, 5 КО) конголик нокаутчи Эммани Каломбо (14−1, 14 КО) билан жанг қилди.

10 раунд натижаларига кўра ўзбекистонлик боксчи ҳакамлар қарорига кўра ғолиб чиқди — 100−89, 99−90 ва 98−92.

Видео

Баҳодир Жалолов vs. Кристапс Зутис

Супер оғир вазн тоифасидаги умидли боксчи, жаҳон ва Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов (8−0, 8 КО) латвиялик рақиби Кристапс Зутисни (7−2−2, 7 КО) нокаутга учратиб, профессионал рингда навбатдаги муддатдан олдинги ғалабасини қўлга киритди.

Ўзбекистонлик боксчи антропометрия (тана ва аъзолари ўлчами) жиҳатидан рақибидан устунлигидан унумли фойдаланган ҳолда узоқ масофадан туриб аниқ ва кутилмаган зарбалар берди, чап қўлини ҳам моҳирона қўллади. Иккинчи раундда Жалолов Зутисни нокдаунга учратди, у ўрнидан турди, бироқ бир неча сониядан сўнг у яна рингга йиқилди. Ҳакам жангни тўхтатиб, ғалабани ўзбекистонлик спортчини техник нокаут билан ғолиб деб топди.

Видео

Миразизбек Мирзахалилов рақиби устидан эришган ғалабасини нишонламоқда.

Иқболжон Холдаров (чапда).

Андекарднинг бошқа жангларида 22 ёшли Санжар Турсунов (3−0, 1 КО) 30 ёшли украиналик Иван Юхтни (3−2−1, 2 КО) ҳакамлар қарори билан мағлуб этган бўлса, 24 ёшли Иқболжон Холдаров (1−0, 1 КО) дебютида 28 ёшли танзаниялик Кулва Буширини (13−6−1, 5 КО) нокаутга учратди, 26 ёшли Миразизбек Мирзахалилов (1−0, 1 КО) ҳам танзаниялик Таша Мжуажини (17−8−2, 5 КО) нокаут эвазига мағлуб этди.

Материалда Анвар Илёсов, Абдулло Файзуллаев, Жаҳонгир Файзуллаевларнинг фотосуратларидан фойдаланилди.