2 апрель куни Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасига тегишли бўлган «УАЗ Пикап» русумли автомашинасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, дея хабар қилди Миллий гвардия матбуот хизмати.

Ушбу хизмат автомашина ҳайдовчиси С.Ш. хизмат юзасидан Фарғона тумани, «Фарғона-Водил» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, пиёдалар ўтиш учун белгиланмаган жойда чап томондан ўнг томонга қараб йўлни кесиб ўтаётган фуқаро Б.Н. ни уриб юборган, дейилади хабарда.

Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимига тегишли экани тахмин қилинаётган автомобиь. Фото: Troll.uz.

«Шундан сўнг ҳарбий хизматчи ўзининг автомашинасида ушбу фуқарони Шошилинч тез тиббий ёрдам Фарғона шаҳар филиалига олиб борган. Афсуски, жабрланувчи олган жароҳатлари оқибатида вафот этган», — дея қайд этди Миллий гвардия.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Фарғона вилояти Ҳарбий прокуратураси томонидан тергов олди ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хизмат автомашинаси прокуратура ихтиёрига топширилган.

Қонунчиликка мувофиқ, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) хизмат вазифасини бажараётганда дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳарбий хизматчи Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент прокурори билан келишилмасдан туриб ушланиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.