5 апрель куни Ўзбекистонга Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф бошчилигидаги делегация ташриф буюради, дея хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Бўлажак учрашувлар ва музокаралар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Эрон алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган, дейилади хабарда.

Муҳаммад Жавод Зариф 5−8 апрель кунлари Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам ташриф буюради.

10 февраль куни Iran Aseman Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга ташрифи чоғида март ойидан бошлаб Тошкент-Теҳрон ва Теҳрон-Бухоро йўналишлари бўйича парвозларни бошлаш истагини билдирган. Гап чартер рейслари ҳақида кетаётган эди, аммо келажакда мунтазам рейсларни йўлга қўйиш режалаштирилганди.

Ноябрь ойи бошида Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Найрабоди икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилиш ва божхона тўловларини пасайтириши тарафдори эди. Шу билан бирга, у икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширадиган Савдо имтиёзлари тўғрисидаги Битим лойиҳаси устида ишларнинг якунланганлигинини таъкидлаганди.