Хабарингиз бор, 1 апрелдан Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши эмлаш жараёнлари бошланди. Биринчи кунда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 5 018 нафар фуқаро ихтиёрий равишда эмланди. Улардан 1871 нафари 65 ёшдан юқори фуқаролар ва 3147 нафари тиббиёт ходимлари.

Айни вақт мамлакатда 660 минг доза AstraZeneca (Vaxzevria — янги номи), 1 млн доза хитой-ўзбек вакцинаси мавжуд.

«Газета.uz» мухбири Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бир қанча эмлаш пунктларига ташриф буюриб, вакцинация жараёнини билан яқиндан танишди. Қолаверса, аҳолининг эмланишга ишончи қай даражада эканлиги, жумладан, қайси вакцинани олиш истаги юқорилиги бўйича фуқароларнинг фикрларини тўплади. Кимдир хитой-ўзбек вакцинаси ишончлироқ деса, кимдир AstraZeneca билан эмланишни маъқул кўрди. Бошқалар эса умуман эмланмаслигини таъкидлаган.

Вакцинация жараёни

Аввалига, эмлаш жараёнига қисқача тўхталсак. Пайшанба куни эрта тонгдан рўйхат бўйича барча эмлаш пунктларида тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, назорат, эмлаш ва кузатув хоналари, махсус ўқув курсидан ўтган тиббиёт ходимлари шай ҳолатда келтирилди.

Миробод туманидаги 1-сон оилавий поликлиника.

Биринчи бўлиб, вакцина олишга қарор қилган ҳар бир шахс иммунолог кўригидан ўтказилади.

Шундан сўнг, фуқаронинг паспорт маълумотлари ва телефон рақами рўйхатга киритилади. Вакцина танлаш ёки умуман, олиш ихтиёрий бўлгани боис, аҳолига мавжуд инъекция турлари ҳақида қисқа маълумот берилади.

Шифокорларнинг айтишича, AstraZeneca 2 маротаба 21−28 кун интервал билан, хитой-ўзбек вакцинаси эса 3 маротаба, бир ой оралиғида қилинади. Фуқаро эмлангач, 30 дақиқа давомида шифокорларнинг кузатуви остида бўлади. Унинг соғлиғида ўзгаришлар бўлмаса, уйга рухсат берилади ва масофавий тарзда назорат қилиб турилади.

Бундан ташқари, вакцинация учун махсус яратилган emlash.uz веб сайтига шахсга оид маълумотлар киритилади. Шунга мувофиқ, фуқарога кейинги вакцинация муддати ҳақида смс-хабарнома юборилади.

Миробод тумани 1-сон оилавий поликлиника

Миробод тумани 1-сон оилавий поликлиникасида 8 мингдан ортиқ фуқаро эмланиши режа қилинган. Поликлиника бош шифокори Наргиза Холмухамедованинг айтишича, у биринчилардан бўлиб (хитой-ўзбек вакинаси билан) эмланди.

«Раҳбар сифатида мен поликлиниканинг 152 нафар ходимига ўрнак бўлишим керак», — дейди у.

Миробод туманидаги 1-сон оилавий поликлиникаси бош шифокори Наргиза Холмухамедова.

Унинг сўзларига кўра, поликлиника қошида иккита вакцинация пунктлари ташкил этилган — асосий бино ва филиалда. Бундан ташқари, тумандаги шифохоналар, стоматологик клиникалар ва бошқа тиббий муассасалар ходимларини эмлаш учун мобил бригадалар ҳам ташкил этилган. Шунингдек, ушбу бригадалар уйида ётган ва поликлиникага келолмайдиган 241 нафар фуқарони ҳам эмлаш учун сафарбар қилинади.

«Тиббий ходимларга ҳам, аҳолига ҳам вакцина қилиш ихтиёрий, уларнинг танлаш ҳуқуқи бор. Тиббий ходим бўладими, оддий фуқароми, улар ўзи танлаган вакцина билан эмланади», — дейди поликлинка иммунологи Гульсара Холматова.

Миробод туманидаги 1-сон оилавий поликлиника.

Иммунологнинг сўзларига кўра, «вакцина олган фуқарода ҳарорат кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, бош оғриши каби аломатлар кузатилса, биринчи ўринда участка ҳамшираси ёки шифокори, иммунолог ҳамда ваксинаторларга мурожаат қилиши мумкин».

«Газета.uz» маълум қилинишича, вакцинанинг ножўя таъсирларига қарши курашиш мақсадида пойтахтдаги эмлаш пунктлари Тошкент шаҳридаги 4 та шифохонага бириктирилган:

  • Учтепа туманидаги шахар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси;
  • Шайхонтохур туманидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонаси;
  • Яшнобод туманидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонаси («ТАПОиЧ»);
  • Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохонаси.

«Вакцинанинг ножўя таъсирлари кўп кузатилган беморлар бўйича тегишли чора кўрилади. Ҳозир 4 та шифохона ажратилган. Дислокация бўйича биз ТАПОиЧдаги шифохонага қараймиз ва эмлашдан кейинги реакциялар кузатилганларни ўша ерга юборамиз», — дея қўшимча қилди Гульсара Холматова.

Вакцина қадоғи ва шприц ишлатиб бўлингач, утилизация қилинади.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда, фуқароларнинг бири исмини ошкор қилмаган ҳолда вакциналар бўйича ўз муносабатини билдирди.

«Мени ўғлим Хитойда таҳсил олади, у „эмлансангиз ҳам фақат Хитой вакцинаси билан эмланинг“, деб айтди. У ҳам хитой вакцинаси билан эмланди. Мен ўзим Россия вакцинаси билан эмланишни хоҳлаган эдим. Бироқ танишларимдан бири Sputnik V элита қатлами учун деди», — деди у.

Суҳбат давомида у узоқ йиллик тажрибага эга шифокорлигини ҳам қўшимча қилди.

Республика махсус 2-сон Зангиота шифохонаси


Кейинги манзил Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар 2-сон шифохонаси. Бу ердаги тиббиёт ходимлари ҳам апрелнинг биринчи куниданоқ эмлана бошлади. Шифохона раҳбарияти эса вакцина қабул қилиш бўйича ташаббусни ўз қўлига олди.

Зангиота 2-сон шифохонаси директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Нурулло Тажиддинов президентга шифокорларга қаратаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирди.

Нурулло Тажиддинов.

«Вакцинация бошлангани бизни жуда ҳам қувонтиради. Чунки, Зангиота 1 ва 2 шифохоналари тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинган беморлар билан бевосита алоқада бўлишади. Мен Ўзбекистон аҳолисини эмлаш жараёнида фаол қатнашишга чақириб қоламан. Шифохонада 738 нафар ходим ишлайди. Вакцинациянинг илк кунида қарийб 150 киши эмланади. Биз 5 кун ичида шифохонамизнинг барча ходимларини эмлашни режалаштирганмиз», — Нурулло Тажиддинов.

Унинг қўшимча қилишича, «ходимларнинг барчаси ўз хоҳиши билан эмланишга рози бўлган».


Таъкидланишича, Зангиота 2-сон шифохонада (1 апрель ҳолатига) 568 киши COVID-19`дан даволанмоқда. Улар орасида ёши катталар ҳам, болалар ҳам бор. Йўлдош касалликлари бўлган ёши катта беморларда касалликлар оғирроқ ўтмоқда.

«Қарши кўрсатмалардан — сурункали касалликлар даври бўлса вакцина қилинмайди. Бизда қарши кўрсатмалар бўлмагани учун AstraZeneca билан эмландим. Вакцинациядан сўнг, ярим соат ичида бирор ножўя таъсирни сезганим йўқ. Биз коронавирусга чалинган беморлар билан ҳар куни, бевосита мулоқотда бўлганимиз учун мен бу вакцинани олганимдан хурсандман. Шунинг ўзи давлат томонидан тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишга бўлган ҳаракатнинг исботи», — дейди 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси бўлими мудири Раъно Каримова.

Раъно Каримова.

Шифокор барча давлат ҳам ўз фуқароларини бепул эмлаш имкониятига эга эмаслигини таъкидлаб, аҳолини вакцина қабул қилишга чорлади.

Нурулло Тажиддиновнинг қайд этишича, эмланишдан олдин тиббиёт ходимлари текширувлардан ўтган. Қарши кўрсатмаларга эга ишчилар эмланмаслиги айтилди.

«Вакцинация бўйича қўлланма бор. Тиббий кўрик натижаларига кўра, кимни эмлаш мумкин бўлмаса, уларни вакцина олувчилар рўйхатидан чиқардик. Қарши кўрсатмаларга эга ходимлар 22 кишини ташкил этмоқда. Мен ўйлайманки, бу вақтинчалик чора. Аллергик реакция ҳолати ўтиши билан улар ҳам эмланади. Албатта, ўз хоҳишига кўра», — дейди Тажиддинов.

Шифохона тиббиёт ходимлари вакцина қабул қилиш учун навбатда.

«Газета.uz» мухбирининг кузатувларига кўра, Зангиота 2-сон шифохонасида вакцинациянинг биринчи кунида фақат AstraZeneca олиб келиниб, эмлаш амалга оширилган. Масъулларнинг таъкидлашича, хитой-ўзбек вакцинаси 2 апрелдан олиб келинади.

Зангиотада эмланган ходимлар орасида ярим соат ичида соғлиғида ўзгариш кузатилганлар ҳам бўлди. Тиббиёт вакилларидан бирининг қон босими кўтарилгани, қондаги кислород миқдори эса камайгани аниқланди. Шу билан бирга, кўнгил айниши ва бош айланиши кузатилгани айтилди.

Лекин бир неча дақиқа ўтгач, унинг аҳволи яхшиланди. Қайта текширувдан ўтгач, шифокорнинг қон босими ва кислород миқдори ҳам нормаллашгани аниқланди.

Эътиборлиси, шифохонадаги соҳа ходимлари хитой-ўзбек вакцинасидан кўра, AstraZeneca инъекциясини афзал билишини айтишди. Улар бунга сабаб қилиб, маҳсулот Европада ишлаб чиқарилганини таъкидлашмоқда. AstraZeneca қабул қилганларда тромбларнинг хосил бўлишига оид хабарларга эса шифокорлар: «жуда кам ҳолатда қайд этилган», дея жавоб қайтаришди.

Яккасарой тумани 59-сон оилавий поликлиника


Мазкур кўп тармоқли клиниканинг бошқаларидан фарқи, бу ердаги шифокорларнинг 13 нафари январь ойида Хитой вакцинасининг синовида қатнашган. Поликлиникада 12 минг нафар аҳолини эмлаш режалаштирилган.

Поликлиника бош шифокори вакцинация жараёнидаги яна бир муҳим жиҳат ҳақида фикр билдирди.

«Агар биринчи дозада аҳоли AstraZeneca вакцинасини олган бўлса, иккинчисида ҳам ҳудди шундан олади. Агар биринчи доазада Хитой вакцинаси олинса, иккинчи ва учинчи сафарлар ҳам ундай қиламиз. Масалан, кимдир „мен ҳозир AstraZeneca оламан, кейинги сафар Хитой вакцинасини оламан“ дейиши керак эмас. Бир хил бўлиши керак. Ўзим кўнгилли бўлиб Хитой вакцинасини олганман. Мен билан акс таъсир ҳолатлари бўлмади. Мен билан бирга олган ҳамкасбларим орасида ёши катталар ва ёшроқлари ҳам бор эди»,

Вакцина олиш учун эмлаш пунктларига ташриф буюра олмайдиган фуқароларнинг уйига бориб инъекция қилинади. Бунинг учун 3 кишилик мобил гуруҳлар ташкил этилган. Улар вакцинани сақлаш учун махсус совитишга мослашган қути ҳамда бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатишда қўлланиладиган тиббиёт воситаларидан иборат қути билан таъминланган.

Яккасарой тумани 59-сон оилавий поликлиникада ташкил қилинган мобиль гуруҳ.

Таъкидланишича, мазкур поликлиникада ҳам кўпроқ хитой-ўзбек вакцинасига ишонч юқори. Бунга сабаб муассаса шифокорларининг ушбу инъекция билан эмлангани ва ҳозиргача ножўя таъсирлар сезилмаганидир. Эмлашнинг илк кунида ташриф буюрган аҳоли ҳам аксар ҳолатда Хитой вакцинаси билан эмланиш истагини билдирган.

Вакцина қабул қилган фуқароларнинг шахсий маълумотларини emlash.uz веб сайтига киритиш жараёни.


Абдулла Ёдгоров, «Газета.uz» мухбири