Марказий банк ҳисоботига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмалари 5,9 млрд долларни ташкил этди.

Бу ундан олдинги тўрт йилда (2015−2019) қайд этилган кўрсаткичлардан юқори. Бироқ 2013 йил (7,5 млрд доллар) ва 2014 йилгига (6,5 млрд доллар) нисбатан кам.

Жаҳон банки таҳлилчилари, ўрта ва паст даражадаги даромадга эга мамлакатларга пул ўтказмалари ҳажми 19,7 фоизга қисқаришини прогноз қилганди. Прогнозларга қарамай, пандемия Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмаларининг қисқаришига таъсир кўрсатмади.

Прогнозлар бўйича, коронавирус пандемияси ва 2020 йилда нефть нархининг тушиб кетиши таъсирида минтақадаги пул ўтказмалари қарийб 28 фоизга қисқариши керак эди. Россиядан амалга ошириладиган пул ўтказмаларига кучли боғлиқ бўлган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ташқи шоклар салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилганди.