Йилнинг биринчи кварталида олтин нархи 10% га, 2020 йил августидан буён эса 19% га арзонлади, дея хабар бермоқда Spot.uz Bloomberg маълумотларига асосланган ҳолда. Бу 1982 йилдан бери ушбу давр учун рекорд пасайиш бўлди.

Олтин инқироз даврида «ўзини яхши ҳис қилади», ва аксинча, вазият яхшилигида унинг нархи пасаяди. Ҳозирда коронавирус пандемияси давом этаётган бўлса-да, вакциналар ишлаб чиқариш бўйича натижалар вазият яхшиланиши учун умид бағишламоқда, шу сабабдан олтиннинг ҳам нархи тушишда давом этмоқда.

Шунингдек, олтин нархига таъсир қилувчи бошқа омиллар ҳам мавжуд. АҚШ ғазначилик облигациялари ва сўнгги пайтларда бир қатор рекордлар қайд этаётган биткоин ҳамда бошқа криптовалюталар билан рақобат ҳам олтин нархига ўз таъсирини ўтказади.

Олтин ва Ўзбекистон

Ўзбекистон Марказий банки ҳисоботига кўра, энг кам олтин сотилган давр 2012 йил (10 тонна) бўлиб, энг кўп сотилган йил 2019 йил (110 тонна) бўлди. Ушбу даврлардаги ўртача нархлар ҳам турлича бўлган, масалан, 2012 йилда олтиннинг бир унцияси нархи 1668,9 доллар бўлган. 2015 йилда эса 1159,8 долларгача тушган. 2020 йилда 1771 долларга ўсди.

Ўзбекистон сўнгги марта 2020 йил августида олтин экспорт қилди. Марказий банк олтинни валюта активларини самарали бошқариш, шу жумладан халқаро қимматбаҳо металлар бозори таҳлили ва олтин нархлари прогнози асосида сотади.

Олтин нархи пандемия оқибатида, 2020 йил июлида 2000 АҚШ долларигача кўтарилган эди. Ўзбекистон Марказий банки ўшанда олтин сотиш бўйича етакчига айланган эди. 2020 йил сентябрида экспорт тўхтагач, олтин нархи 1904 долларга тушганди. Ҳозирда эса олтин нархи 1724 долларгача арзонлаб, пандемиядан олдинги нарх даражасига қайтган.