27 март куни соат 13:30 атрофида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасида автоҳалокат содир бўлди, натижада икки киши ҳалок бўлди ва бир киши оғир тан жароҳати олди. Бу ҳақда 31 март куни ИИВ матбуот хизмати хабар берди (видео).

Ўша куни шаҳарда ёмғир ёғаётган эди. Cobalt ҳайдовчиси катта тезликда олдидаги машинани қувиб ўтишга уринган. Автомобиль йўлдаги бетон тўсиқ устидан учиб ўтиб, Lacetti билан тўқнашган.

ИИВ видеосидан лавҳа

Иккинчи машина жиддий шикастланган. Ҳайдовчи, 31 ёшли эркак ва йўловчи, 33 ёшли аёл, иккаласи ҳам жойида вафот этган. Яна бир йўловчи (25 ёш) жиддий жароҳат олди.

Иккала қурбоннинг ҳам вояга етмаган фарзандлари бор.

ИИВ ЙҲХББ хабарида ушбу воқеа Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси раҳбарияти, вилоят ва шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ҳамда жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинганлиги айтилмоқда.

Қоидаларга амал қилган ҳолда кетаётган Lacetti ҳайдовчиси ва йўловчининг бевақт вафотига сабабчи бўлган Cobalt автомобили ҳайдовчисининг қоидабузарлиги «жамоатчилик фаоллари томонидан кескин қораланди», таъкидланди хабарда.

«Бу каби содир бўлаётган йўллардаги бахтсиз ҳодисаларга сабаб ва омиллар муҳокама қилинди. Ёши улуғ, тажрибали фуқаролар ЙТҲларга қарши масъул ходимлар билан бир қаторда ҳар бир ҳайдовчи ва пиёдалар бирдек курашиши зарурлигини таъкидлаб ўтишди», — дейилади хабарда.

Келгусида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ушбу соҳада қандай аниқ чоралар кўрилишига аниқлик киритилмади.