Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, март ойида товарлар ва хизматлар ўртача 0,8 фоизга қимматлади. Йиллик нисбатда истеъмол нархлари индексининг ўсиш суръати 10,9% га етди.

Март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,6 фоизга, шунингдек, хизматлар 0,4 фоизга қимматлади.

Қўмитанинг таъкидлашича, мавсумийлик асосий инфляцион омиллардан бири сифатида таъсир этишда давом этмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва алколсиз ичимликлар орасида март ойида нархларнинг кўтарилишида мева ва сабзавотлар етакчилик қилди. Ушбу даврда мевалар ва ёнғоқлар 7,6% га, сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар 8,0% га қимматлашди. Йиллик нисбатда ёғ-мой (29,8%), сут (17,0%) ва гўшт маҳсулотлари (16,2%) сезиларли даражада ошди.

Бундан ташқари, март ойи давомида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан кунгабоқар мойи (2,6%), товуқ гўшти (1,4 — 1,5% оралиғида), оққанд ва сут (1,4%) ва шакар (1,3%) сезиларли даражада қимматлашди.

Ой давомида нархларнинг пасайиши тухум (-1,6%), музлатилган балиқ ва узун бошоқли гуруч нархларида қайд этилди (-0,4%)

Шунингдек, мева-сабзавотлардан ой давомида бўлгани каби йил бошидан ҳам помидор (мос равишда 18,1% ва 26,0% га) бошқаларга нисбатан сезиларли даражада қимматлашди. Йиллик нисбатда лимон (1,8 баробар) нархлар ошиши бўйича етакчиликни ушлаб келмоқда.

Март ойида спиртли ичимликлар 0,9% га (йил бошидан 2,6%га), тамаки маҳсулотлари ўртача 0,8% га (5,9%) қимматлашди.

Ой давомида кийим-кечак нархи 0,4 фоизга, оёқ кийимлари нархи эса 0,3 фоизга ўсди.

Март ойида бир қатор ҳудудларда уй-жойларни ижарага бериш ҳақи ўсди, натижада ушбу хизматнинг ўсиши республикада ўртача 0,3 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, ой давомида соғлиқни сақлаш соҳасида кузатиладиган товарлар ва хизматлар асосий гуруҳларидан дори воситалари (1,4%), тиббий диагностик воситалар (1,2%), шприцлар ва боғлаш материаллари ҳамда стоматолог хизматлари (0,7%) нархлари бошқаларга қараганда сезиларлироқ қимматлашди. Тиббий ниқоблар, қўлқоплар, амбулатор даволаш ва реабилитация хизматлари, тиббий лаборатория ва диагностика хизматлари ой давомида 0,6% га қимматлашди.

Йил бошидан бошқаларга нисбатан нархларнинг сезиларли ўсиши стационар даволаш ҳамда тиббий лаборатория ва диагностика хизматларида (4,5%), йиллик нисбатда эса тиббий лаборатория ва диагностика хизматларида (14,9%) қайд этилди.

Январь-феврал ойларида нархларнинг яққол ўсиши бензин (8,5%) нархларида, йиллик нисбатда эса ҳаво транспортида йўловчи ташиш (1,3 баробар) нархларида қайд этилди.

Март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларни етказиб бериш бўйича хизматлар нархлари ўртача 0,9% га ошган. Нархлар ўсиши диапазони 0,5% дан (ОТМ ва мактаблар қошидаги ошхоналар ва кафетерийлар) 1,2% гача (бошқа ошхоналар кафетерийлар) оралиқда жойлашди.

Ушбу даврда меҳмонхоналар хизматлари 0,9% га қимматлашган.

Маиший товарлар ва хизматлардан кетма-кет учинчи ой давомида нархлар ўсиши бўйича сартарошхоналар хизматлари (2,0%) етакчилик қилди. Бошқа маиший хизмат турлари нархларининг ошиш даражаси бир фоизлик чегарадан ўтмади. Шахсий фойдаланиш учун буюмлардан заргарлик буюмлари ва қўл соатларининг (ўртача 1,0% га) нархлари юқорироқ ўсди.

Бошқа хизматлар орасида март ойида бошқаларга нисбатан диний хизматлар (республика бўйича ўртача 8,1% га) қимматлашди.