3 апрелдан бошлаб Франциянинг барча ҳудудларида тўрт ҳафталик жиддий карантин чекловлари ўрнатилиши эълон қилинди, дея хабар берди РБК Le Monde хабарларига асосланган ҳолда. Бунгача бундай чекловлар фақат мамлакатнинг 19 та департаментида амал қилаётганди.

Чекловларга кўра, соат 19:00 дан бошлаб барча ҳудудларда комендантлик соати жорий қилинади. Барча ишчилар масофавий тизимга ўтказилади, барча боғчалар, мактаблар ва коллежлар уч ҳафта муддатга ёпилади, талабалар олий таълим муассасаларига ҳафтасига фақат бир марта бориши мумкин бўлади.

Шунингдек, ноозиқ-овқат дўконлари ва ресторанлар ёпилади. Фақат китоб дўконлари, мусиқий дўконлар ва хўжалик моллари сотиладиган дўконлар бундан мустасно.

Франция президенти Эммануэль Макроннинг сўзларига кўра, чекловлар май ойининг ўрталаригача бекор қилинмайди. Чекловлар аста-секинлик билан ёзгача олиб ташланади.